«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ички ишлар вазирлиги Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараяпти

Жамият02:53

38927

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракатлари, хусусан Ички ишлар ходимларига қаратилган ҳақоратларига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиши ҳақида хабар берган эдик. Айни вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. QALAMPIR.UZ айни масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов билан телефон орқали мулоқот қилди. 

“Видеодаги ҳақоратомуз фикрлар бевосита Ички ишлар органлари ходимларининг шахсиятига тегадиган гаплар эди. Биз маданият ходимининг бунчалик маданиятсизлик қилишини кутмаган эдик. Бу даражада одамнинг шахсиятига тегишини тасвирлашга сўз ожиз”, дейди Ғиёсов.

ИИВ расмийсининг фикрича, Усмонова ўз хатти-ҳаракатлари билан жамиятда юриш-туриш қодиларини қасддан менсимаган. Ички ишлар органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини тўғридан-тўғри камситишга ҳаракат қилган. Ушбу масала қонуний тартибда кўриб чиқилади ва жавобгарликка тортилади. 

Шоҳруҳ Ғиёсов суҳбатда давом этаркан, Юлдуз Усмонованинг руҳий соғломлигига шубҳа билан қараётганини урғулади: 

“Видеони биринчи марта кўрганимда, тўғриси, мен унинг руҳий соғломлигига, ўзини тутишига шубҳа билан қарадим. Қандай қилиб одам шундай гапларни гапириши мумкин? Шундан келиб чиқиб тегишли тартибда текшириш ва суриштирув ишларини олиб боришни бошладик. Санъаткорнинг хатти-ҳаракатларига халқимиз ўз баҳосини берди. Бунга кўпчилик гувоҳ. Биз фақат онгли тартибда чорасини кўрамиз”.

Юлдуз Усмонованинг бир нафар ёки бир гуруҳ Ички ишлар ходимлари билан ўзаро келишмовчилиги ортидан бутун соҳа ходимларини лаънатлаши, уларни ҳақоратлаши ва ишламаётганга чиқариши соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган тажрибали, ориятли ва виждонли кишиларнинг қон босимини оширди. Ғиёсовга кўра, Усмонованинг ҳақоратларини оғир қабул қилганлар талайгина. Энди уларнинг ғазабидан Усмоновани яна ички ишлар ходимлари ҳимоя қилиши керак. 

“Ҳозир шунақа бўлиши мумкинки, Усмоновани ўзининг гапидан ўзини ҳимоя қилишимизга тўғри келади. Айрим одамлар бу гапларга чидолмай қасд қилиши ҳам мумкин. Шундай вазиятда бегона одам унга зарар етказиб қўймасин деб, яна уни қўриқлашга тўғри келади”, дейди Шоҳруҳ Ғиёсов. 

Маълумки, Юлдуз Усмонова орадан кўп ўтмай айтган гаплари учун Ички ишлар органлари ходимларидан узр сўраб чиқди. Хўш, бу ҳаммаси унут бўлди деганими? 

“Видеони ҳамма кўрди-ку. Ундан кейин узр сўраш одамга тўғри келмайди. Ҳар бир одам гапирган гапига жавоб бериши керак”, дейди Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов.  

Феруза Нажмиддинова

Comments are closed.