«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон телефон орқали эпидемиологик вазиятни муҳокама қилишди

image

Бугун, 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, давлат раҳбарлари икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишган.

Таъкидланишича, суҳбат давомида эпидемиологик вазият ривожини назорат қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

«Икки мамлакат ҳукуматларига ушбу хавфли касалликка қарши курашишда ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш ва яқиндан ҳамкорликни давом эттириш бўйича топшириқлар берилди.

Пандемиянинг, аввало, Ўзбекистон-Тожикистон савдо-иқтисодий алоқалари учун салбий оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслик мақсадида олдиндан чора кўриш ва юзага келаётган барча масалаларни тезкор ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди», дейилади хабарда.

Ўзаро савдода юқори ўсиш суръатларини ушлаб қолиш, транспорт қатновларини таъминлаш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия ва бошқа соҳаларда устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар тартибини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида мунтазам видеоанжуманлар ўтказиб туриш муҳим экани таъкидланган.

Икки давлат раҳбарлари суҳбатида, шунингдек, Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

«Телефон мулоқоти чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари халқаро аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий, конструктив ва дўстона руҳда ўтди», дейилади хабарда.

Comments are closed.