«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ҚАҲРАМОНЛАР ФАҚАТ УРУШДА ҚОЛМАГАН

“Уруш эълон қилинмаган уруш“ сифатида тилга олинадиган Афғон уруши Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тарихда энг кўп йўқотишлар билан из қолдирган йирик фожиа бўлиб қолди. Кўплаб ўзбек ўғлонларининг умрига зомин бўлган Афғон уруши 1979 йилнинг декабридан 1989 йилнинг февралигача давом этган. Унда мужоҳидлар (маҳаллий партизанлар) совет-афғон армиясидан иборат бирлашган кучларга қарши тўққиз йилдан ортиқроқ қаршилик кўрсатган. Оқибатда 850 мингдан 1,5 миллионгача аҳоли нобуд бўлган.

СССРда Афғон урушидан энг кўп жабр чеккан ҳудудлар Марказий Осиё республикалари бўлди. Энг кўп аскар шу ҳудуддаги иттифоқдош республикаларидан олинган. Ўша пайтларда фарзандини армияга жўнатаётган оналар уларни яна кўра оладиларми-йўқми номаълум эди.

— Ўшанда 19 ёшда эдим. Ҳарбий хизматга борган мен каби навқирон йигитларни олдинда нималар кутаётганлигини ҳеч ким  билмасди. Билганимизни шуки, бу пайтда Афғонистонда зиддиятлар кучайиб бораётган ва бизни шу урушда иштирок этиш учун Туркманистон Республикасининг Теджен шаҳридаги лагерда тайёрлашга олиб кетишаётган эди. У ерда 6 ой бўлиб ҳарбий тайёргарликдан ўтганимиздан сўнг, бизни ҳақиқий  жанг майдонига ташлашди, —  деб хотирлайди нафақадаги подполковник Ҳалим Қодиров.

Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушига қараганда нисбатан кам бу 10 йиллик “тоғ юришлари“ қолдирган оғир асоратлари билан ҳамон қалбларни ларзага келтиради. Жумладан, Ўзбекистондан 64 500 нафар йигит Афғон урушида иштирок этган ва улардан 1522 нафари ҳалок бўлган. 2500 нафардан ошиқроқ ўзбекистонлик ногирон бўлган. Қашқадарёлик Афғон уруши қатнашчиси Ҳалим Қодиров ҳам уруш туфайли акасини йўқотган. Аммо армияда  хизмат қилиш ўзига навбат етганда ҳеч иккиланмай Ватан учун курашга чоғланди.

— Мен жанговар танк механик-ҳайдовчиси эдим. Бу ўта масъулиятли иш бўлиб, “ҳарбий сафнинг юраги“ сифатида йўлбошчилик қилардик. 1987 йилда Афғонистоннинг Мари шаҳрига борган ҳафтамизнинг ўзида мени Эрон чегарасида бўлаётган операцияга бириктиришди. У пайтда ҳали бирортамиз нима қилаётганимиз, қандай мақсад учун курашаётганимизни унча яхши англамасдик. Лекин буйруқ — ғалаба қилиш! Биз шу орзу учунгина тап тортмасдан жангга кирардик.

Энг йирик ҳарбий операциялардан бири Қандаҳорда бўлган. Биз ишғол қилмоқчи бўлган навбатдаги ҳудудга ўтиш учун  икки томон тоғ ва ўртасида биттагина йўл бўлган торгина довонга келдик. Ҳар томондаги тоғли тепаликка танк билан кузатувчилар қўйилди.  Вазифамиз душман кўриниши заҳоти орқадан келаётган сафдошларимизга хабар бериш. 2 кунлар турганимиздан кейин тепаликлар ўртасидан ўтадиган ягона йўл — қулаган кўприкни тузатиш бўйича командирдан буйруқ келди. Шерикларим окопларда қолди. Мен пастга тушиб танким билан  бетонларни ташидим. Иш якунлангач яна тоғдаги позициямни эгаллайман деб келиб тўхтаганимни биламан, мина зарбидан танким ағдарилиб кетди. Мен йўқ пайтимда туришим керак бўлган жойга душман томон мина жойлаштириб кетган экан. Танк занжирлари узилиб кетган, бошим гаранг бўлишни бошлаган бўлсада позициямда охиргача туриб бердим. Операция омадли якунланди. Қайтишга келганда командирнинг “бу танкни судраб кетиш ютқазиш демакдир“ деган бир оғиз гапи билан бошимда кучли оғриқ бўлсада 3 кунлик йўлни танкда босиб ўтиб ҳарбий қисмга қайтган эдим.

Ҳалим Қодиров  тинчликпарвар кучлар таркибида Афғон устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Кўп ўтмай урушда кўрсатган хизматлари учун “ Қизил юлдуз“ ордени ва бир нечта медаллар билан тақдирланди. У нафақат уруш кўрган, балки унинг сўнгги жангчиси сифатида зафар хушхабари билан юртга  қайтган аскарлар ичида ягона қашқадарёлик эди.

—  1989 йил 15 февраль. Бу кун тарихда  Совет қўшинларининг Афғонистондан чиқарилишининг расмий куни ва тинчлик ўрнатилганлиги тимсоли сифатида қолди. Аммо  ўша кунни яхши эслайман, қўшинни олиб чиқиш ҳам қурбонларсиз ўтгани йўқ. Ҳаракатланиш эрталаб бошланган эди, бизни қисм соат 15:00 лар атрофида Афғон-Сурхон чегарасидаги Ҳайратон кўпригидан ўтдик ҳамки, орқада келаётган саф  ҳужумга учради…Бир қадам қолганда кўплаб юртдошлар уйигача етолмай қолди…Гарчи шу билан Афғон уруши якунланди дейилган бўлсада, ҳозиргача бу оловни бутунлай сўнди дейиш мушкул.

Хўш, қаҳрамонимизнинг кейинги ҳаёти қандай кечди?

  Ҳарбий хизматдан қайтган Ҳалим Қодиров Қарши Аграр-Иқтисодиёт институтида ўқишини давом эттирди. Уйланди. Бир ўғил ва бир қизни камолга етказди. Олийгоҳни тугатгандан сўнг Ватанга бўлган сўнмас муҳаббати туфайли Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги  Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округида шартнома асосида хизматни давом эттирди. Унинг садоқатли меҳнати, сарҳадларни қўриқлашдаги жонбозликлари учун офицерлик унвони берилди ва округнинг юқори лавозимларига тайинланди. 2009 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида масъул лавозимларда ишлади.  Унинг хизматлари юқори баҳоланиб, Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 15 йил“ ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 20 йил“ кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Ҳалим аканинг  Кўксида ғурур бахшлаб турган ордену-медаллар унинг қаҳрамонлигини шубҳасиз тасдиқлаб турибди. Аммо айтиш мумкинки, унинг асл қаҳрамонлиги  ўз ортидан кўплаб юртпарварлар етишиб чиқишига сабабчи бўлаётганлигидадир. Унга ҳавас қилиб улғайган ҳарбийлар сулоласининг давомчилари — ўғли, куёви, 10 га яқин жиянлари ҳамда кўплаб шогирдлари бугун Мудофаа вазирлиги тизимларининг энг намунали кадрлари сифатидаи меҳнат қилиб келмоқда.

Подполковник Қодиров эса нафақага чиққанидан сўнг ҳам эл-юртга хизмат қилишда давом этди. 2016-2017 йилларда ўзи туғилиб ўсган Қарши шаҳридаги Араловул маҳалласига раислик қилиб, маҳалладошларини эзгу ишларга бирлаштирди, қўшнилар орасида тинчлик-товувликни таъминлади, кўплаб оиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. 2018 йилдан бери Қашқадарё вилоят  Мудофаа ишлари бўлимида маъсул вазифада меҳнат қилиб, мамлакатимиз армияси сафига муносиб ўғлонларни саралаш ва  етказиб бериш ишларига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг йиллар давомида қилган меҳнатлари эътиборга олиниб 2019 йилда Россия ҳукумати томонидан “Совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилганлиги 30 йиллиги“ юбилей ордени ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг III даражали “Намунали хизмати учун“ кўкрак нишони билан мукофотланди. Албатта бу уни беҳад қувонтирди. Аммо у эришган ҳақиқий мукофот бошқа…

— Мен мамлакатимиз оғир синовли кунларни бошдан кечирганига қарамасдан бугунги ҳур ва фаровон кунларга мардонавор етиб келганига гувоҳ бўлганимдан, Ватан учун хизмат қилиб тарихнинг бир бўлагига айланганим билан фахрланаман. Биздан кейинги авлод учун намуна бўлишдан ортиқ бахт йўқ мен учун! — дейди кўзларида ҳамон ғайрат учқунлаб турган Ҳалим Қодиров.

Ана шундай юртга садоқатли инсонларни шубҳасиз замонамиз қаҳрамонлари дейиш мумкин. Орамизда бундай инсонлар кўп. Улардан имкон қадар кўплаб ҳаётий тажрибаларни ўрганиб қолишимиз, уларнинг машаққатли ва синовли ҳаёт йўлларидан хулосалар чиқариб ўзимизнинг истиқболли келажагимизни қуришимиз зарур.

Сабоҳат Узоқова, журналист

Comments are closed.