«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ғузорда сел тошқинига қарши ишлар қай аҳволда?

Маьлумки сел оқими вужудга келиши йилнинг  асосан апрель ва май ойларига тўғри келади, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп ёмғир ёғиши кузатилади.

Ғузор тумани ҳам вилоятнинг сув тошқини — сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади. Хўш, туманда сел тошқинига қарши ишлар қай аҳволда?                  Бу саволга туман Фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғи, капитан Санжар Норовдан тегишлича жавоб олдик.

— Сел-катта микдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши (85 % ҳолатда), тоғ қорларининг эриши (4 % ҳолатда), тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши (1,3 % ҳолатда) ва бошқа сабаблар (9,7 % ҳолатда) олиб келиши мумкин.

Туман ФВБ томонидан сел-сув тошқини рўй бериш эҳтимоли бўлган ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва обьектлар рўйхати аниқланиб турилади ҳамда аҳоли ва обьектларни муҳофаза қилиш учун тадбирлар ташкил этиб борилади.

Туман ФВБ, туман Ирригация бўлими ва туман қурилиш бўлими ходимлари биргаликда ҳафтанинг ҳар чоршанба яьни, «Фавқулотда вазиятлар профилактикаси куни» да туманнинг сел келиши хавфи юқори бўлган худудларга кирувчи “Тугал” (23 та хонадон), “Сангишкон” (22 та хонадон), “Хумдон” (16 та хонадон),  “Пачкамар” (14 та хонадон),  “Дўлтали” (7 та хонадон) қишлоқларида яшовчи аҳолига сел келиши хавфи ва сойларга яқин ҳудудларда бино ва иншоатлар қурмасликлари тўғрисида огоҳлантириб борилади.

Бундан ташқари тумандаги «Пачкамар» сув омборининг сув сатхини ошиб кетмаслиги ва дарёлардаги сув ўтказиш иншоатлари туман Ирригация бўлими билан биргаликда кечаю-кундуз навбатчилик ташкил килиниб, назорат ўрнатилган – дейди биз билан суҳбатда С.Норов.

— Кучли ёғингарчилик бўлган пайтларда нафақат сел келиши хавфи юқори бўлган ҳудудлар, балки,  туман марказидаги кўчалар ҳам сувга тўлиб қолмоқда. Санжар ака айтингчи бундай  пайтда туман Фавқулотда вазиятлар бўлими қандай чоралар кўряпти?

— Афсуски, туман марказидаги ҳамма кўчаларни талаб даражасида деб бўлмайди. Айниқса, Амир Темур номли, Буюк Карвон ва Хўжагузар маҳаллалардаги айрим кўчалар кучли емғир ёққан пайтлари сувга тўлиб қолмоқда. Яқинда ҳам ушбу учала маҳалла кўчаларида тўпланиб қолган сувлар туман ФВБ томонидан махсус техникалар ёрдамида чиқариб ташланди ва келгусида яна сув тўпланмаслиги учун янги сув йўллари ва қувурлари очилди.

P/S: Баҳор ёғингарчиликларсиз ўтмайди. Фасл тугашига эса яна олдинда бир ой бор. Бу борада барчамиз бирга ҳамжиҳатликда иш ташкил этсак сел тошқинлардан талофатсиз ўтамиз.

teleradio.uz мухбири Адхамжон Мавлонов суҳбатлашди.

Comments are closed.