«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Яккабоғ тумани: МУСИҚА — ЖОН ҚУВВАТИ ВА РУҲ ОЗИҒИ

Ёш авлодни баркамол вояга етказишда бошқа омиллар қаторида мусиқа санъатининг ўрни алоҳида. Жумладан, куй — инсон туйғуларига жон бағишлайди. Қалбнинг энг нозик торларини чертиб, дилга ором бахш этади. Эътибор берсангиз, табиат буюк санъаткор. Ёмғир шитирлаши, япроқлар шивири, қушлар нағмасида куй бор, сеҳр бор. Ҳар бир жисм ўзидан маълум бир товуш тарқатади. Бу — бизни қуршаб олган олам оҳанги.
Одамзод ҳаёти мусиқа билан чамбарчас боғлиқ. Давлат мадҳияси янграган заҳоти халқ оёққа қалқийди. Ҳарбий марш садоси аскарлар руҳига жанговарлик бағишлайди. Яқинларимизга мусиқий табриклар йўллаймиз.
Олимлар нафис куй таралган хонадаги гуллар ўзгача барқ уриб яшнаши, аксинча, ёвузлик, қабоҳат, ваҳима уй¬ғотувчи овозлар таъсирида сақланган ниҳол сўлиб қолишини аниқлашган. Замонавий тиббиётда мусиқа терапеядан фойдаланилмоқда. Бу каби фикрларни яна давом эттириш мумкин. Ҳар ҳолда, жон инсон танасига куй сеҳри ёрдамида жойлангани ҳақидаги афсона бежиз тўқилмаган.
Яккабоғ туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабига кириб борганимизда хаёлимиздан ана шу фикрлар кечди. Сабаби бу даргоҳга қадам қўйишингиз билан руҳингизда ажиб ҳаловатни сезасиз. Кираверишда деворларга осиғлиқ суратларга кўзингиз тушади. Унда санъат мактабининг эришган ютуқлари ҳақидаги лавҳали суратлар туширилган. Шу билан бирга қўли гул моҳир ёш рассомларнинг чизган этюдлари, ёш ҳайкалтарошлар қўли билан ясалган кўргазмалар кўзни қувонтиради.


Мактаб директори Бекзод Шералиев бизни ўз хонасига бошлади. Директор мактаб жамоаси эришган ютуқларни ифода этувчи бир даста фахрий ёрлиқ, дипломларни кўз-кўз қилар экан мактабда санъат турларидан таълим олиш учун барча шароитлар мавжудлиги, машғулотлар ҳар куни давом эттирилаётгани ва санъатга истеъдодли ўқувчиларни жалб қилишга катта эътибор берилаётгани ҳақида гапирди.
Мактабда 14 та йўналиш бўйича 321 нафар ўқувчи мусиқа ва санъат йўналишидан сабоқ олмоқда. Уларга 42 нафар малакали устозлар дарс ўтади. 2010 йилда мактаб қайта қурилиб, тўлиқ таъмирланди ва замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди.


Тасвирий ва амалий санъат бўйича – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишлаб мактабда маънавий мусиқий тадбир ўтказилди. Тадбирда Алишер Навоийнинг ёшлиги, ўспиринлиги ва кексалигини акс этган авто портрет чизилди. Танловда Диёрбек Шерназаров 1-, Элзод Чоршанбиев 2-, Шодиёна Эргашова 3-ўринларни қўлга киритишди.
Мактабда анъанавий хонандалик йўналишида ўтказилган «Моҳир хонанда» танловида қатнашган ўқувчилар орасидан Шоҳруҳ Ғаффаров 1-, Ўғилов Мусурмонова 2-, Жаҳонгир Маҳмадалиев 3-фахрли ўринларни эгаллашди.
2019 йил «Наврўз садолари» V Халқаро кўп овозли миллий чолғулар ансамбль ва оркестрлар фестивали республика босқичи кўрик танловида мактабнинг жамоаси қатнашиб 1-ўринни муваффақиятли қўлга киритган бўлса, Халқаро танловда фахрли 3-ўринни эгаллади.
«Ёш мақомчи» республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда мактаб ўқувчилари Жаҳонгир Маҳмадалиев (ўғил бола овози) ва Ўғилой Мусурмонова (қиз бола овози) талабгорлар орасидан вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди. Яна фахр билан айтиш мумкинки «Камалак юлдузлари» республика босқичида мактаб ўқувчилари дутор йўналишида 2-ўринга муносиб деб топилди.
Анаънавий хонандалик йўналишида «Истеъдод» халқаро кўрик-танловида қатнашиб фахрли 2-ўринни қўлга киритган Донохон Кўчимова ўзининг ширали овози билан ҳаммани лол қолдирган ёш истеъдод эгаларидан саналади. Донохондан қўшиқ куйлаб беришини илтимос қилдик ва унинг ижросида А.Исроилов сўзи, Фахриддин Содиқов мусиқасига мансуб «Сўлим баҳор» қўшиғини тингладик.


Қўшик куйга уланиб кетди. Мактаб жамоаси томонидан Надим Норхўжаев мусиқасига мансуб «Наврўз ифори» куйини маромига етказиб ижро этилди. Кўриниб турибдики, мактабда ўқувчиларга санъат сеҳрини ўргатиб келаётган ўқитувчиларнинг ҳиссаси катта.
Муҳими, бу қутлуғ даргоҳда ёшлар маънавий жиҳатдан баркамол улғаймоқда. Баркамол авлод эса халқимизнинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқарадиган, давлатимиз келажагини таъминлайдиган кучдир.

Ш.ИМОМОВА.

Comments are closed.