«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Касби тумани: МИЛЛИЙ АНЪАНАЛАРИМИЗНИ НАМОЙИШ ЭТУВЧИ КЎЗГУ

Баҳорнинг илиқ тафти туфайли ён-атроф, борлиқ, бутун табиат ўзгача чирой ва кўркам қиёфага кириб бормоқда. Дов-дарахтлар гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури уйғониш фаслининг аллақачон одамзод қалбига жойлашиб олганидан дарак беради. Шу боис бетакрор шодиёна — Наврўзи оламга хушу хурсандчилик билан пешвоз чиқаяпмиз. Дилларда меҳр-оқибат, эзгулик, саховат, мурувват каби ўлмас фазилатлар жўш урмоқдаки, буларнинг барчаси халқимизга хос қадриятдир.
Бугун ҳар қанча шукроналар айтсак, умримизнинг ҳар куни, соати, дақиқасини Ватан тараққиёти йўлида сафарбар этсак, арзийди. Тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш энг муҳим бурчимиз эканлигини унутмоқликка асло ҳаққимиз йўқ. Бинобарин, бугун эл-улус қалбида бунёдкорлик кайфияти барқарорлиги, жойларда яратувчанлик юмушлари қизғин давом этаётгани, беморлар ҳолидан хабар олиниб, муҳтожларга кўмак берилаётгани ҳам тинчлик шарофатидандир.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.
Касби тумани халқ таълими бўлими жамоаси ташаббуси билан Касби туманидаги Майманоқ қишлоғининг Майманоқ тепалигида “Наврўз сайли” ўтказилди. Сайлда 61 та мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари фаол иштирок этишди. Байрам тантанасида тумандаги барча ташкилотлардан вакиллар ташриф буюришди.
Тепалик ён-бағирларида тикилган 11 та ўтовлар миллий анъаналаримизга мос равишда безатилган бўлиб, дастурхонлардан кўк сомса, кўк чучвара, печак, ғилвинди, сумалак ва бошқа турдаги баҳорий таомларимиз ўрин олди. Мактаб ўқувчилари ўз қўллари билан яратган кўргазмали қуроллар билан иштирок этишда ҳамда қизларимизнинг миллий либосларда кўринишлари байрамга ўзгача шукуҳ бахш этди.
…Наврўзни “Миллий анъаналаримизни намойиш этувчи кўзгу”, деймиз. Бунинг исботи тариқасида сайлда Наврўз удумлари — арқон тортиш, чиллак сингари азалий ўйинлар ижро этилди. Полвонлар кураши, дорбозлар ҳам ўз истеъдодларини кўрсатдилар. Санъаткорлар ижро қилган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида талқин этилди. Янграган куй ва қўшиқларда барча бирдек рақсга тушди. Айниқса болажонлар учирган варраклар кўзни қувонтириб дилларга завқ бағишлади. Дошқозонларда пиширилган миллий таомимиз палов билан барчани бирдек сийланди.
Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги туб бурилиш — буларнинг барчаси Истиқлол шарофатидандир. Наврўз сайлининг бугунги жозибаси ва шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, ана шу бебаҳо неъмат туфайлидир.

Ш.ИМОМОВА.

Comments are closed.