«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Яккабоғ тумани: БАҒРИКЕНГЛИК, ЯХШИЛИК, ҲАМЖИҲАТЛИК

Яккабоғ туманига қарашли Ёшлик маҳалла фуқаролар йиғинида 3115 та аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ўзининг уддабуронлиги ва кўп йиллик тажрибасига таяниб иш олиб бораётган Муқаддам Пўлатова мана бир неча йилдирки раислик вазифасида ишлаб келмоқда.


Маҳаллада тартиб-интизомни, тотувликни, иноқликни, бирдамликни йўлга қўйиш ҳам жуда катта куч ва матонат талаб қилади. Муқаддам опа маҳалла раисининг хотин-қизлар ва ижтимоий, маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Нилуфар Алиқулова билан эрта тонгдан хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг турмуш тарзини, оилавий шароитларини ўрганиб уларга керакли ёрдам кўрсатиб келмоқда.
2019 йилда “Ҳар бир оила тадбиркор” доирасида Ёшлик МФЙда ҳам талайгина ишлар амалга оширилди. Ушбу дастур асосида 18 нафар оилага чорва, парранда, иссиқхона қуриш учун “Қишлоққурилиш” банки томонидан кредит маблағлари ажратилди. Жорий йилда ҳам кредит маблағларини олиш учун ҳужжатлар тўпланмоқда.
Ҳудудда 8 нафар боқувчисини йўқотган, 14 нафар кам таъминланган оила мавжуд. Ушбу оилаларга байрамлар арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари совға сифатида улашилмоқда. Ҳомийлар томонидан 3 та оилага цемент, қум, эшик-дераза, паталок қилиб берилди.
Наврўз байрами арафасида маҳалла ҳудуди ободонлаштирилиб дарахтларга шакл берилмоқда, оқланмоқда, турли хилдаги гуллар ва манзарали дарахтлар экилмоқда. Ариқлар қозилиб, кўчаларни кераксиз чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Наврўз – азалий миллий қадриятлар тимсоли, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи ҳисобланади. Ушбу байрам халқимизнинг бағрикенглик, яхшилик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатларини ўзида намоён этади.
“Вилоятимиз аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми, меҳр-оқибат, эзгулик, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, миллий қадриятларимиз тимсоли бўлган Наврўзи олам билан чин қалбимдан сами¬мий табриклайман”, — дейди Ёшлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муқаддам Пўлатова.
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Ш.ИМОМОВА.

Comments are closed.