«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ДАРОМАД СОЛИҒИ ВА ЕР СОЛИҒИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

Халқимиз пиллачилик билан азалдан шуғулланиб келади. Бугун ҳам юртимизда ипак қурти боқиш ҳадисини пухта ўзлаштирган оилалар кўп. Улар оддий шароитда ҳам ҳар қути ипак қуртидан 65 килограмдан ошириб сифатли ҳосил етиштиради.

Республикада пиллачиликнинг озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қуртини парвариш қилиш ва пилла етиштириш жараёнларини узлуксиз такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишни таъминлайдиган ягона ва яхлит ташкилий-технологик тизимни барпо этиш асосида пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш мақсадида вилоятимизда ҳам пиллачилик тармоғига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йилда вилоятимизда 40434 қутти ипак қурти уруғларидан 2185,4 тонна тирик пилла етиштириш режалаштирилган бўлиб, пиллакорлар томонидан режа ортиғи билан бажарилди.

Ҳар қути ипак қуртини парваришлаган звеноларни олдиндан аванс кўринишида ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотлари ҳамда инвентарлар — ипак қурти уруғи, тўшама қоғоз, термометр, бўз билан таъминланиши юқори кўрсаткичга эришишга сабаб бўлди. Шу билан бирга мавсумда пилла боққанлиги учун пилла боқувчи касаначиларга 1-йиллик меҳнат стажи қўйиб берилди. Йил давоми 37806 та ипак қурти боқувчи звенолар пилла боқиш мавсумида фаол иштирок этди.

Мисол тариқасида шуни қайд этишимиз мумкинки, Шаҳрисабз тумани Бобур ҳудудидан Гулнора Сатторова оиласи жами 4 қути ипак қурти боқиб, 5247 571 сўм даромадга эришди. 2 киши эса 1 йиллик меҳнат стажига эга бўлди.

 Бир мавсумда 4 марта пилла боқиб берган аҳоли хонодонлари 200 дона тут кўчати билан бепул таъминланмоқда. Тутзорлар билан банд бўлган ерлардан фойдаланаётган ипак қурти боқувчи касаначилар 2023 йил 1-январгача даромад солиғи ва ер солиғидан озод этилди.

Вилоят ҳокимининг қарорига асосан захира ер фондидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Радиант Силк” МЧЖ га кластер усулида пилла хом ашёсини етиштириш учун 6475,9 га тутзор ҳамда 6 га оналик тутзор, 24 га тут кўчатлари етиштириш учун пилла қайта ишлаб чиқариш корхонасига ажратиб берилди. 2019 йил баҳор ойларида вилоятимиз туманларидаги тутзорларда мавсум олди 2837 800 дона тут кўчатлари тутзорлар хатоларига экилди.

Куз мавсумига тутзор хатолари ва янгитдан барпо этиладиган тутзорларга 1480 000 дона тут кўчатлари экиш мақсадида вилоятимизда тут кўчатлари етиштирилмоқда.

Вилоятда ҳозирги кунда жами 42 дона қуртхона мавжуд бўлиб, шундан, 8 таси 2017 йилда, 14 таси 2018 йилда қурилган ва 20 таси пахта тозалаш корхоналаридан олинган қуртхоналарни ташкил этади.

Шаҳрисабз туманида 2019-2020 йилларда кластер усулидаги пиллани қайта ишлаш, тайёр ипакли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва қиймати 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, Қамаши туманида 10 гектар суғориладиган ер майдонида Хитой технологияси асосида тут плантацияси ва унинг қошида йилда 4 марта пилла етиштирадиган 2 та замонавий инновацион пилла етиштириш комплексини барпо этиш режалаштирилган.

280 минг долларни ташкил этадиган Хитой технологияси асосида тут плантацияси ва унинг қошида 2 та замонавий инновацион пилла етиштириш комплексини барпо этиш юзасидан Қамаши туманидаги Қорабоғ массивидан 10 гектар суғориладиган ер майдони “Радиант Силк” МЧЖ корхонасига доимий фойдаланиш учун ажратилиб, ҳозирда 10 гектарлик янги тутзорга 45 минг дона тут кўчат экилиб парваришланмоқда.

Президентнинг қарорига асосан “Радиант Силк” МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхонасига Ғузор, Деҳқонобод, Қарши, Қамаши, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон, Касби туманлари, “SHAXRISABZ SILK PRODUCTION” МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхонасига Китоб, Чироқчи Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари бириктирилиб ҳозирги кунда 2020 йил ҳосилини етиштириш учун аҳоли хонодонлари ва касаначилар билан шартномалар тузиш, тутзорларга тут кўчатлари экишга тайёрлаш, агротехник ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган йил баҳор ойларида вилоятимиз туманларидаги тутзорларда мавсум олди 268 500 дона тут кўчатлари экилди ҳамда 48,8 гектар янги тутзорлар барпо этилди.

Жорий йилда эса 36 364 қутти ипак қуртлари парваришланиб, 2000 тонна пилла хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда пилла боқувчи звено ва касаначилар билан шартнома тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу заҳматли йўлда пилла боқувчи звенолар ва касаначилар бор куч ғайратларини, бой тажрибаларини амалда қўллаб юқори марраларга эришадилар.

Ражабали МЕЙЛИЕВ,

Қашқадарё вилоят «Агропилла» МЧЖ раиси.

Comments are closed.