«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қарши шаҳри: Энг катта тарбиявий омил мусиқий санъатдир

Мусиқа маданиятимиз тарихининг ривожланиш жараёнида ўзининг ранг-баранг жанрларига бойиди ва кишилар ҳаётининг ажралмас бир бўлаги сифатида авлоддан-авлодга ўтди ва бизгача етиб келди. Мусиқанинг инсонга таъсири ва унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида эрамиздан олдинги IV асрдаёқ грек файлосуфи Платон шундай деган эди: “Энг катта тарбиявий омил мусиқий санъатдир. Зероки, агар тарбия тўғри йўлга қўйилган бўлса, ритм ва гармония қалбга ҳаммадан чуқур йўл топади ва салобат бахш этади, уни кўркам қилади, акс ҳолда, унинг тескариси бўлиб чиқади”.

Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг ташкил топганига 47 йил тўлган бўлса, шу давргача ушбу билим юртидан бир қанча таниқли санъат арбоблари етишиб чиқди. Кўзга кўринган ва эл ҳурматига сазовор бўлган қўшиқчи, созанда, бастакору раққосалар доим юртимиз учун хизматда. Айни вақтда санъат мактаби 450 нафар ёш ижодкорларга билим бериб келмоқда.

5 та муҳим ташаббус доирасида эришилган ютуқлар бунга яққол далил бўла олади. Санъат мактаби ўқувчилари “Халқаро танловда”, “Ёш ижрочилар” ва “Ёш рассомлар” Республика танлови, “Наврўз садолари” IV-Халқаро кўп овозли миллий чолғу ансамбл ва оркестрлар фестивали, Фаррух Мирусмонов номидаги “Ёш созандалар” III-Республика танловларида қатнашиб, юксак ўринларни қўлга киритди.

Шу билан бирга мазкур санъат мактабининг ўқитувчиларидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ойгул Ҳалилова, Ўзбекистон Республикасининг “Шуҳрат” медали совриндори Насиба Ҳасанова, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси Назоккат Суннатова, “Ниҳол-2017” Давлат мукофоти совриндори Йигитали Абланазаров, “Ниҳол-2008” Давлат мукофоти совриндори Лазиз Қиличов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси Р.Алибоев, Файзулло Исломов эса “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Мазкур муассасада 5 та муҳим ташаббус ижроси юзасидан “Китоб улаш” акцияси ўтказилди. Ушбу акцияда фаол иштирок этган китобхонлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Акцияда мактабнинг барча ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этиб, улар томонидан кутубхонага 143 та бадиий, сиёсий ва санъатга оид адабиётлар совға қилинди. Ҳозирги кунда кутубхона фондида 28899 та китоб тўпланган.

Шунингдек ёшларнинг маданий савиясини ошириш юзасидан Қашқадарё вилоят Маданият бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси композитор ва бастакорлар уюшмаси Қашқадарё вилояти ҳамда Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг Халқ чолғулар оркестри, дамли ва зарбли чолғулар оркестри, хор жамоалари ҳамда болалар ва мусиқа санъат мактаблари билан биргаликда “Мен – дирижёрман” лойиҳаси амалга оширилди.
Таълим муассасасида 22 та тўгарак фаолият олиб бораётганган бўлса, бунда 300 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинган. Вилоятдаги мавжуд Болалар мусиқа ва санъат мактабларида 38 та маҳорат дарс ва концертлар ташкил этилди. Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби «Актёрлик санъати» йўналишида ўқувчи-ёшлари томонидан «Шарқ халқлари ривоятлари» ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Шерали Жўраевнинг «Оқибат» қўшиғи асосида ўқитувчи-режиссёр Шухрат Тўхтамишев томонидан саҳналаштирилган «Оқибат қўшиғи» спектакли Қарши шаҳридаги мавжуд умумтаълим мактабларида, Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби концерт залида намойиш этилди.
Қайд этиш жоизки Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби кўплаб истеъдодли ёшларни тарбиялаб бермоқда. Айни пайтда ушбу таълим муассасасида ўқувчиларга фортепиано, торли, пуфлама ва зарбли, халқ ва анъанавий, эстрада чолғучилиги, анъанавий, академик ва эстрада хонандалиги, хор дирижёрлиги, театр ва тасвирий санъат, рақс сингари кўплаб йўналишлар бўйича ўқитилмоқда.
Шахсни камол топтиришда мусиқа маданиятининг ўрни ва аҳамиятини очиб бериш, биринчидан, инсон ва унинг моҳияти масаласини, иккинчидан, маърифатлилик кўламини, учинчидан, маънавий камолотда мусиқа эга бўлган имкониятларни аниқлаш демакдир.

Кўй-қўшиқ кўнглимизни нурафшон этади, бизни ҳаётнинг ғам-андуҳларидан йироқ этиб, гўзал ва ёқимли хатти-ҳаракатларга чорлайди. Ҳаётбахш куй-қўшиқ эшитган, гўзал ва ёқимли оҳанг тинглаган кекса-ю ёш руҳиятида мамнунлик акс этади, қалбида эзгу туйғулар шаклланади.

Ш.ИМОМОВА.

Comments are closed.