«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Қамаши тумани: Яхши яшашга ундаш, халқни рози қилиш

“Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла”

Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиниши, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этилиши ўз самарасини бермай қолмайди.

Жумладан Қамаши тумани, Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида “Ҳар бир оила тадбиркор” мавзуси бўйича шу кунларда кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Шу ўринда ЯТТ Ибодов Давлатжон маҳаллада мўжазгина чойхона очиб эл хизматига бел боғлаган. Иш бошлаганига кўп вақт бўлмасдан, маҳаллада ўз мавқеига эга бўлган тадбиркорлардан. “Келгусидаги режаларим, имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтириш ва бўш иш ўринларини яратиш”, — дейди Д.Ибодов.

Маҳалла гузарига яқин жойда Гулчеҳра Абдиева ҳам ўз тадбиркорлик йўналишида гўзаллик салонини ишга туширди. Салонда пардозлаш, турмаклаш, ва массаж хизматлари кўрсатилади.

25 йилдан бери тадбиркорлик фаолиятини изчил йўлга қўйган Бобур Муртозаев навбатдаги маиший хизмат кўрсатувчи объектларни қуриб битказиш арафасида. Маҳалладошларининг 10 нафари иш билан таъминланди ҳамда келгусида бу кўрсаткични янада кенгайтириш ва ишчи ходимларни сонини ошириш ниятида.

Бу ишларнинг барчасида бош-қош бўлиб келаётган, бой ҳаётий тажрибасини аямаётган маҳалла раиси Ҳамза Шернаевдан маҳалладошлари мамнун. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 2 та хонадонда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жамоа билан биргаликда кам таъминланган оилалар холидан хабар олинди ва ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга хонадонларда бўлиб, бўш жойларга сабзавот ва полиз экинлари ҳамда мевали дарахтлар экиш ҳақида суҳбатлар ўтказилди. Маҳалла раисининг уддабуронлиги, жонкуярлиги сабаб гузарда олиб борилаётган ишлар сезиларли даражада ўсмоқда. Маҳаллага ташриф буюрувчи ҳар бир фуқаронинг дардини эшитиб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишида раиснинг ҳиссаси катта. Шундан бўлса керак ҳар бир муаммо маҳаллада ечимини топмоқда.
“Халқни яхши яшашга ундаш, рози қилиш, фаровон яшаши учун меҳнатга жалб қилиш, ҳар томонлама ёрдам бериш, асосий йўналишларимдан бири”, — дейди маҳалла раиси Ҳамза Шернаев.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, халқимизнинг миллий табиати, азалий анъаналари ва қадриятларига асосланган маҳалла ўзининг узоқ тарихида ҳеч қачон Ўзбекистон давлат мустақиллиги давридагидек алоҳида эътиборга сазовор бўлган эмас. Давлат мустақиллиги шарофати билан Ўзбекистонда маҳаллаларга эътибор бериш, уларнинг таълим-тарбиявий ҳуқуқий мақомини ошириш, ўзини ўзи бошқариш, бева-бечоралар, ногиронларнинг бирон бир сабабга кўра омади юришмаган оилалар ва одамларнинг иссиқ-совуғидан, ғам-ташвишларидан хабардор бўлиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш сингари масалалар бўйича, шунингдек янада обод ва гўзал, кўркам ва чиройли бўлиши, эл-улус меҳр-муҳаббатини қозонишида янги давр бошланди.

Ш.Имомова,
М.Эргашова.

Comments are closed.