«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Прокурорлар кўмагида фаолиятини тўхтатган 854 тадбиркорлик субъекти қайта тикланиб, 1 минг 204 янги иш ўрни яратилди

Халқ билан мулоқотнинг амалий ва натижа бераётган усулларидан бири – аҳоли ҳузурида бўлиш, уйма-уй юриб одамларнинг муаммоларини ўрганиш, дарду ташвишларига қулоқ тутишдир.

Бунинг учун ҳар бир ҳудуд секторлар кесимида масъул идораларга бириктирилгани ўз натижасини бермоқда. Бош прокуратура прокурорларга бириктирилган секторлардаги вазият, амалга оширилаётган ишларнинг тизимли таҳлилини амалга оширмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, Наманган вилояти туман ва шаҳар прокурорлари секторлари ўтган йилда 697 минг 567 нафар фуқаронинг турмуш тарзи, оилавий шароитини ўрганиб чиқди. Бунинг учун 216 нафар ходим уйма-уй юриб 12 мингдан зиёд муаммони аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрган.

Хусусан, Наманган туманидаги Маллаҳовуз маҳалласида яшовчи Б.Дўлтаевга “Халқ банки” Тошбулоқ филиалидан 30 миллион сўм кредит олиш, бунинг ҳисобига иссиқхона қурилиши таъминланди.

Шу билан бир қаторда, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 6,5 мингга яқин муаммо бартараф этилган. Хусусан, Норин туманидаги Тошлоқ, Сузоқовул, Қўшчек маҳаллаларини тоза ичимлик суви билан таъминловчи янги қувурлар тортилган. Шунингдек, 25 маҳаллада 115,2 км. йўллари асфальтланди.

Уйчи туманидаги Чуртук маҳлласида эса 140 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилган.

Шу билан бирга, прокурорлар секторларида экспорт ҳажмини ошириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этишда ёрдам кўрсатиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2019 йилда саноат ва мева-сабзавотларни экспорт қилиш учун белгиланган 49,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги прогноз режа 52,1 миллион АҚШ долларига ёки 105 фоизга бажарилди ҳамда 29 нафар экспортёрларнинг турли муаммолари тезкорлик билан ҳал этилган.

Прокурорлар секторларида 2019 йилда ташкил этилган 2 минг 474 тадбиркорлик субъектларидан 532 тасининг фаолияти прокурорлар ташаббуси асосида йўлга қўйилган, 854 нафар фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг фаолияти қайта тикланган ва 1 минг 204 янги иш ўрни яратилган. Мисол учун, Учқўрғон туманида “Daminov biznes group” масъулияти чекланган жамиятига интенсив балиқчиликни ривожлантириш учун “Ипотека банк” вилоят филиалидан 318 минг 360 евро кредит олишга ёрдам кўрсатилган.

Жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоят прокуратурасининг туман ва шаҳар секторларида 2019 йилда умумий жиноятчилик 2721 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 256 тага ёки 8,6 фоизга камайган.

Бир сўз билан айтганда, ҳудудларни секторлар кесимида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги тизими бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Ҳудудларда прокурорлар секторлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш халқ прокуратурасини шакллантиришнинг муҳим омилига айланди.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА

Comments are closed.