«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ўзбекистон заргарлик саноати халқаро кўргазма-савдоси ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair-2020” биринчи халқаро кўргазма-савдосини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг:

2020 йил май ойининг 8-10 кунлари Тошкент шаҳрида “Ёшлар ижод саройи” кўргазмалар майдони базасида Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair-2020” биринчи халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш;

2020 йилдан бошлаб доимий равишда ҳар йили май ойи биринчи ҳафтасининг жума кунидан якшанба кунигача Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш;

туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари орасида Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма-савдосини тарғиб қилиш;

кўргазмани ташкил қилиш бўйича харажатларни “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси қошидаги Заргарлик соҳасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қоплаш бўйича таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;

Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини кўргазмаларда, кўргазма-савдоларда, ярмаркаларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан сотишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда туристик ахборот марказларида, аэропортларда, автобус ҳамда темир йўл вокзалларида маҳаллий технология ва ускуналар, айниқса, заргарлик соҳаси буюмлари каталоглари тарқатилишини таъминлайди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси:

Савдо-саноат палатаси билан биргаликда замонавий ускуна ҳамда технологиялар, шунингдек, заргарлик саноати буюмларининг етакчи жаҳон ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини ўтказиладиган кўргазмаларда қатнашишга жалб этиш бўйича фаол реклама-ахборот кампаниялари ва ташкилий ишларни амалга оширади;

хорижий давлатларнинг заргарлик тармоғида ўтказиладиган халқаро тадбирларнинг ҳар йилги жадвалига Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма-савдосини киритиш чораларини кўради.

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

кўргазма иштирокчилари ўртасида шартнома асосида тарқатиш мақсадида, замонавий технология ва ускуналарни, шунингдек, заргарлик саноати буюмларининг батафсил каталоги чоп этилишини;

кўргазмага ташриф буюрувчилар учун ахборот-маълумот буклетлари ва бошқа тарқатма материаллари тайёрланишини таъминлайди.

Давлат божхона қўмитаси кўргазма товарларининг белгиланган тартибда тезкор расмийлаштирилишини таъминлайди.

Марказий банкка Ўзбекистон заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари “Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма-савдосини ташкил этиш ва ўтказиш доирасида Марказий банкнинг эсдалик тангаларини сотиш нуқталарини ташкил этиш тавсия этилди.

Кўргазма иштирокчиларига ташриф буюрувчилар ўртасида ўз маҳсулотларини сотишга рухсат берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг буюртманомалари бўйича кўргазманинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминлайди.

Manba: Kun.uz

Comments are closed.