«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

“Армия ёшларни тарбиялашда асосий роль ўйнаши керак”

Президент топшириғи Марказий ҳарбий округда фахрийлар билан муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифаларни қўшинлар ҳаётига татбиқ этиш бўйича Марказий ҳарбий округда йиғилиш ўтказилди.
Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қуролли Кучлар куч тузилмалари таркибида хизмат қилган ҳарбий пенсионерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов хавфсизлик кенгаши йиғилишида миллий армиямиз қудратини ошириш бўйича Олий Бош Қўмондон томонидан илгари сурилган ғоялар, вазифаларга тўхталди.

photo5249042316453326034.jpg

– Олий Бош Қўмондон мазкур йиғилишда миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди, – деди А.Саидов. – Шунингдек, армия – ёшларни тарбиялашда асосий роль ўйнаши, ватанпарварлик тарбияси умумхалқ тадбири бўлиши кераклиги, бироқ бу борада ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. Шу кунга қадар, армия билан халқ бир тану бир жон, деган ибора сўзда эмас, амалда ўз исботини топмагани ва бунга биринчи даражадаги раҳбарлар масъул эканлиги қайд этилди. Юқоридаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳарбий пенсионерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамфикр бўлишимиз зарур.
Йиғилиш давомида ёшларни тарбиялаш борасидаги ишларни кучайтириш, таътил вақтида ёшлар ўртасида Ўзбекистон тарихини ўрганиш бўйича викториналар, ватанпарварлик ўйинларини ташкил этиш, китоб мутолаасини янада тарғиб қилиш ҳамда ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлган кўплаб масалалар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида бир гуруҳ фахрийлар Марказий ҳарбий округ томонидан рағбатлантирилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Comments are closed.