«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Йирик тўқимачилик корхонаси барпо этилади

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида йирик тўқимачилик корхонасига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда хитойлик инвесторлар иштирок этди.

photo5240006396752276512.jpg

Ўтган йилнинг 16 ноябрида “HengBang Textile Central Asia” компанияси билан ушбу лойиҳани амалга ошириш юзасидан инвестицион келишувга эришилган эди. Унга асосан “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги “HengBang Textile Central Asia” хорижий корхонаси томонидан ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тўқимачилик саноатидаги бошқа корхоналардан фарқли тарзда, янги корхонада ип-калава тикувчилик қийқимларидан, яъни мамлакатимиз тикувчилик корхоналарининг ишлаб чиқариш чиқиндиларидан йигирилади.

photo5240006396752276513.jpg

Тўғридан-тўғри Хитой Халқ Республикаси инвестицияси иштирокида амалга ошириладиган ҳамда технологик жиҳатдан ноёб ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши билан 1 минг 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

photo5240006396752276514.jpg

Жорий йилнинг учинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилаётган ва умумий лойиҳа қиймати 30 миллион долларни ташкил этадиган ушбу корхонада йилига 40 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади ва тайёрланган маҳсулотнинг салмоқли қисми Россия Федерацияси бозорига экспорт қилиниши кўзда тутилган. Лойиҳа йилига 60 миллион долларга тенг экспорт имкониятларини очади. Ушбу корхона вилоятдаги энг йирик экспортёрлардан бирига айланиши кутиляпти.

photo5242416354441669813.jpg

Таъкидлаш жоиз, 680 гектар майдонни эгаллаган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда умумий қиймати 513,7 миллион доллар бўлган 14 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

photo5242416354441669837.jpg

Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА

Comments are closed.