«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Самарқандда яна бир йирик корхона ишга туширилади

Хитой ва АҚШ инвесторлари Самарқанд вилоятида қадоқланган сув, шарбат ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона қуришни режалаштирмоқда.
Сармоядорлар фикрича, мазкур корхона тўлиқ экспорт йўналишида фаолият олиб боради.
Айни масала юзасидан ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича стратегик инвестициявий шериклик лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти ҳокимлигида АҚШнинг “GMFR Global group” компанияси ва Хитойнинг “Beijing Huiyuan Holding” холдинги билан уч томонлама келишув имзоланган эди.
Корхона ишга тушса, йилига 20 миллион тонна қадоқланган сув, шарбат ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, хорижга етказиб берилади. Яқин орада завод учун қиймати 100 миллион долларга тенг табиий шарбат ишлаб чиқариш ускуналари келтирилади.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида бўлиб ўтган учрашув чоғида АҚШнинг “GMFR Global group” вакиллари компания томонидан мамлакатимизга Хитойнинг 10 нафар йирик тадбиркори таклиф этилишини билдирди. Мазкур ташриф шу ой охиригача ташкил этилади. 
SEO-менежер Ангела Монинг айтишича, мазкур корхона ҳамкорлик доирасида Жиззах вилоятида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширишни режалаштирган. Хорижлик сармоядорлар қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, жумладан, пеноблок тайёрлаш ва ижтимоий аҳамиятга молик объектлар бунёд этишга қизиқиш билдирмоқда.
Компания мутасаддилари машинасозлик, меҳмонхона мажмуалари ва янги автомобиль йўллари барпо этиш, электрон тижорат сингари йўналишлар бўйича ҳамкорлик учун кенг истиқболлар мавжудлигини таъкидлаган. Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, мамлакатдаги Европа, МДҲ, Жануби-ғарбий Осиё, Ҳиндистон ва Хитойни бирлаштирувчи халқаро транспорт тармоғи электрон савдони ривожлантиришда улкан имкониятларга эга эканини эътироф этган.

ЎзА

Comments are closed.