«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Инсофли солиқ тўловчилар манфаати ҳимоя қилинади

Жорий йил 1 январдан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирди. Мазкур кодекс ва солиқ қонунчилигига киритилган бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Темур Исмоилов ЎзА мухбирига қўйидагиларни гапириб берди.

– Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 21 бўлим, 71 боб ва 480 моддадан иборат. Унда солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштириш назарда тутилган, – деди Т.Исмоилов. – Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштиришга йўналтирилган концептуал ўзгартиришлардан иборат. Ҳужжатнинг асосий мақсади инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишдир. Мазкур ҳужжат ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда, тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат ҳисобланади.

Солиқ кодекси Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки таклифлари ҳамда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Италия, Германия, АҚШ, Хитой каби хорижий мамлакатлар тажрибалари асосида ишлаб чиқилди, муҳокамалар жараёнида билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Ҳужжат билан янги таҳририда солиқлар ва йиғимларнинг сони, турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди. Хусусан, солиқларнинг 9 тури кўзда тутилмоқда (амалда 13), катта бўлмаган компаниялар (1 миллиард сўмгача обороти билан) учун эса оборотдан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Жаҳон тажрибаси асосида давлат солиқ хизмати органлари билан солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари такомиллаштирилиши режалаштирилган.

Бундай амалий чоралар инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш, шунингдек, ноқонуний фаолият юритаётган субъектларни аниқлашда муҳим омил бўлади.

Кодексда солиқларни тўлашдан тўлиқ озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланди.

Эндиликда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга татбиқ қилиш орқали янги хизмат турлари жорий қилинмоқда.

Шу билан бирга, кодекс билан солиқ имтиёзлари (ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган ставкани кўпи билан 50 фоизга ва кўпи билан уч йил муддатга пасайтириш кўринишида берилиши мумкинлиги каби қоидалар киритилди.Мазкур қоидаларнинг белгиланиши имтиёзлар тақдим этилиши жараёнини сифатли тартибга солиш имконини беради.

Бозорлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини солиққа тортиш
Солиқ солиш шартларини бир хиллаштириш мақсадида Солиқ кодексида қуйидагилар назарда тутилмоқда.

Жумладан, бозорлар учун шу пайтга қадар амалда бўлган, тушумнинг 50 фоизини тўлаш шаклидаги махсус режим бекор қилиниб, умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартибига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари умумбелгиланган солиқларни тўлаш ёки айланмадан солиқ (агарда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан кам бўлмаганда) тўлаш тартибига ўтиш.

Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда фойдаланиладиган қисми учун мулк солиғи ҳамда томчилаб суғориш тизим жорий қилинган қисми учун ер солиғи бўйича имтиёзлар берилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун уларнинг хўжалик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида фойда солиғи бўйича “ноль” ставкасини ўрнатиш таклиф этилмоқда.

Мазкур чоралар барча тадбиркорлик субъектлари учун солиқ солишнинг ягона қоидаларини жорий қилиш билан бирга солиқ имтиёзларини қўллаш имконини беради.

Қарздорликни ундириш ва масъулиятни ошириш
Солиқ қарзи ундирувини таъминлашнинг амалдаги механизми сақлаб қолинмоқда (талабнома юбориш, инкассо топшириқномаси қўйиш ва ундирувни қарздорнинг мулкига қаратиш).

Бунда солиқ қарзини дебиторлар маблағлари ҳисобидан ундириш механизмидан воз кечилади.

Шунингдек, солиқ тўловчининг мулкини суд қарори бўйича, лекин солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинганда – солиқ органининг қарори бўйича хатлаш механизмини жорий этиш, солиқ қарзини хўжалик субъектларининг мол-мулки ҳисобидан улар томонидан қарздорлик тан олинганда солиқ органи томонидан ундириш, лекин рози бўлмаганида суд қарори асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини бериш, солиқ тўловчининг мулкини бегоналаштиришга тақиқ қўйиш механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Ортиқча тўланган солиқ суммалари ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ суммалари сўзсиз тартибда асоссиз ундирилганлиги учун, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш йўли билан солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Қўшилган қиймат солиғи
Солиқ тўловчилар тоифаси Ўзбекистон Республикасида оборотларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг доимий муассасалари билан тўлдирилмоқда (237-модда).

Норезидент юридик шахслар доимий муассасаларининг солиқ тўловчилар қаторига киритилиши ҚҚС занжирининг узлуксизлигини таъминлаш, шунингдек улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатиладиган товарлар (хизматлар) қийматини камайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, xизматларни реализация қилиш жойи, уларни сотиб олган шаxснинг амалга ошириш жойига қараб аниқланади (241-модда).

Ушбу принципга ўтиш xизматларни экспорт қилувчиларга ҚҚС тўлашдан озод этишга ва уларга товарлар (xизматлар) сотиб олишда тўланган ҚҚСни бюджетдан қайтаришга имкон беради.

Бугунги кунда кўпгина экспорти xизматлари ҚҚСга тортилади. Бу маҳаллий экспортчиларнинг рақобатбардош эмаслигига олиб келади, чунки улар ўз xизматларининг нарxини 15 фоизга оширишга мажбур бўлмоқда.

ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашнинг реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) таннархи даражасига боғланган эскирган усулларидан воз кечилмоқда.

Бунинг натижасида солиқ тўловчилар товарлар (хизматлар) ҳақиқий бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда сотилишига манфаатдор бўлади, солиқ органларига эса сотиш нархларини ўрганиш ҳуқуқи берилади ва бу ноҳалол рақобатнинг олдини олади.

Солиқ тўловчининг ёки шунга ўхшаш солиқ тўловчиларнинг маълумотлари асосида шакллантирилган бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда солиқ солишга концептуал ўтиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур қоидалар ҚҚС бўйича ЕИ Директивасида кўзда тутилган ҚҚС солишнинг халқаро қоидаларига мувофиқ бўлиб, инсофсиз солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган фирибгарлик ҳаракатларига қарши йўналтирилган.

Инсон омили аралашувисиз Солиқ кодексида таҳлика-таҳлил асосида (эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг автоматлаштирилган таҳлили) солиқ назоратининг янги тартиби жорий этилмоқда.

Текширишлар сони қисқартирилмоқда, хусусан, камерал солиқ текшируви – солиқ ҳисоботини божхона органлари, банклар, энергия корхоналари, кадастр ва бошқа органларнинг маълумотлари билан таққослаш (якунлари бўйича солиқ тўловчига ҳисоботни тузатиш имкони берилади).

Сайёр солиқ текшируви – солиқ тўловчининг алоҳида кўрсаткичларини ишончлилигини текшириш ва фактларни қайд қилиш мақсадида жойига чиққан ҳолда ўрганиш (якунлари бўйича солиқларни қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди, унинг натижалари эса таҳлика-таҳлил маълумотлар базасига киритилади).

Солиқ аудити – йирик айланмаларда юқори хавф даражасига эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини тўлақонли ўрганиш (натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисоблаб чиқарилиши мумкин ва молиявий жарималар қўлланилади).

Таҳлика-таҳлил доирасида амалга ошириладиган солиқ текшируви халқаро амалиётда кенг қўлланилади. МДҲ мамлакатларида бундай амалиёт Россия ва Қозоғистонда жорий этилган.

ЎзА мухбири Муҳайё ТОШҚОРАЕВА ёзиб олди

Comments are closed.