«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

«Академияда таълим олиш энг катта орзуим»

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида жорий йилнинг 15 январь кунига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги академиясида вазирлик тасарруфидаги академик лицейлар ўқувчилари учун маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Академия саф майдонида давлатимиз мадҳияси ижроси билан бошланди. Таълим муассасаси курсантлари ва ўқувчилар бош қўшиғимизни жўровозда, фахр ва ғурур билан куйлашди. Саф майдони бўйлаб тантанали юриш ёш ўғил-қизлар қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини жўш урдирди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса халқаро ареналарда зафар қучаётган умидли спортчиларимизнинг кўргазмали чиқишлари барчада ёрқин таассурот қолдирди.

071A2149.JPG

Сўнг ўқувчилар учун ички ишлар органларида қўлланиладиган махсус ҳимоя воситалари кўргазмаси ташкил этилиб, Академиянинг таълим жараёнига татбиқ этилаётган инновация ютуқлари, хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда курсант-тингловчиларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.
– Академияда таълим олиш энг катта орзуим, – дейди ИИВ тасарруфидаги 2-сонли академик лицей ўқувчиси Дурдона Адҳамова. – Бу ерда билим олиб, спорт билан шуғулланишимиз, танлаган касбимизнинг етук мутахассиси бўлиб камол топишимиз учун ҳамма имкониятлар мавжуд экан. Айниқса курсант ака ва опаларимнинг шижоати, шахдам ва мардонавор юришлари, она Ватанимизни мадҳ этиб қўшиқ куйлашлари бизга ибрат бўлди.
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 28 йиллигига бағишлаб Академия курсантлари ўртасида жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўйича мусобақа ўтказилди. Унда жамоалар югуриш, тош кўтариш, тўсинда тортилиш, арқон тортиш ва сузиш, шунингдек жанговар қуролларни қисмларга ажратиб-йиғиш ҳамда ўқ отиш бўйича беллашди. Курашларга бой ўтган мусобақа якунида ғолиблик таълим муассасасининг 3-курс жамоасига насиб қилди.

071A2422.JPG

“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида галдаги тадбир Академия ўқув полигонида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтди. Шу куни ўқувчи ёшлар факультет тингловчилари учун дала полигонида яратилган шарт-шароитлар, назарий ва амалий машғулот хоналари, спорт-соғломлаштириш секциялари фаолияти билан яқиндан танишишди. Ички ишлар вазирлиги академияси ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан тайёрланган ҳужжатли фильм намойиши эса ёшларнинг таълим муассасасига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди. Ўқувчилар Академия фаолияти, таълим йўналишлари, мутахассислар тайёрлаш жараёнидаги янгиланишлар борасида батафсил маълумотга эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тадбир давомида жанговар қуроллар намойиши ҳамда ўқ отиш бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Айниқса спортнинг турли йўналишлари бўйича зафар қучиб келаётган тингловчиларнинг чиқишлари ўқувчилар олқишига сазовор бўлди. 
Жамшид ХОЛОВ,ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими

ЎзА

Comments are closed.