«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Олис ҳудудларда акс этаётган янги давр манзаралари

Сирдарёдан бошланган катта Мирзачўл каналининг энг охирги қулоғидан сув ичадиган Зафаробод тумани илгари бошқа ҳудудларга қараганда суст ривожланган.
Туман иқтисодиётининг асосий соҳаси бўлган деҳқончиликдаги турли қийинчиликлар ҳудуд қишлоқларининг қиёфасида, одамларнинг турмуш шароитида ҳам кўзга ташланиб турарди.
Ҳеч бир қулайликка эга бўлмаган бир қолипдаги уйлар, уларга қўшимча режасиз, тартибсиз қурилган бинолар, барпо этилганидан буён таъмирланмаган ижтимоий иншоотлар, ёзда чанг, қишда лой кўчалар, ичимлик суви тақчиллиги ҳудуддаги барча аҳоли манзилларига, шу жумладан, туман марказига ҳам хос манзара эди. Бугун бу манзаралар тарихга айланди.
Зафарободлик журналист Сувон Раҳимовнинг “Зафаробод: кеча ва бугун” фотокўргазмаси очилди. Кўргазмага туманнинг ана шундай тарихидан ҳикоя қилувчи суратлар ҳам жой олди.
Ушбу кўргазма ҳақидаги оддий хабар бугунги янгиликларга тўлиб тошган ахборот оламида унчалик диққатни тортмаслиги мумкин. Бироқ туман ташкил топган пайтдан бугунгача бўлган қирқ йиллик даврни қамраб олган ушбу фотокўргазма зафарободликлар учун ўзига хос янгилик бўлди.

3.jpg

Кўргазмада “Зафар йўлидан” газетасининг оддий мухбирлигидан муҳаррирлигигача бўлган ижод йўлини босиб ўтган Сувон Раҳмоновнинг кўз ўнгида кечган воқеалар – у олган суратлар жой олди. У ўтган асрнинг охири, асримизнинг биринчи чораги ва бугунги даврнинг воқеаларини, манзараларини фототасвирларда акс эттирган.
Зафарободликлар чўлни ўзлаштиришнинг дастлабки даврида бу ерга келган, энг қийин даврларни кечирган матонатли кишилардир. Сувон Раҳмоновнинг фотокўргазмасида зафарободликларнинг ана шу ташвиш ва қувончга йўғрилган ҳаёти акс этган. Нафақат ўтмиш, кейинги йилларда туманда юз берган тарихий ўзгаришлар, шаҳар ва қишлоқларнинг янги қиёфаси, одамларнинг энг қувончли лаҳзалари фотосуратларга муҳрланган.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Обод марказ” дастурларининг амалга оширилиши туфайли икки йилда туман қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, якунланган 2019 йил унутилмас воқеаларга бой бўлди. Бу ўзгаришлар, қувончли лаҳзалар, одамларнинг бахтиёр чеҳралари ҳамда фотолавҳаларда аксини топган.
…Мана, Бўстон маҳалласида мукаммал таъмирланган маданият маркази. Бундан бир йил аввал унинг маданият маскани эканлигига ишониш қийин эди.
Янгидан бунёд этилган “Хотира” майдони, Алишер Навоий хиёбони, тижорат банки ва бандликка кўмаклашиш маркази биноларининг тантанали фойдаланишга топшириш маросимидан акс этган суратлар.
Янги қурилган туман спорт мажмуаси, “Ёшлар маркази”, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари туман марказига кўрк бериб турибди. Бу иншоотларнинг ҳаммаси 2019 йилда қурилган.
Фақат шу иншоотлар эмас, туман маркази тўлиқ қайта қурилди. Эрта баҳорда кўп қаватли уйлар теварагидаги 200 дан ортиқ пастқам бостирмалар, ноқонуний қурилган иншоотлар бузилиб, кўп йиллардан буён тўпланиб қолган 27 минг тонна чиқинди чиқариб ташланди.
– Туман марказида қурилиш, реконструкция, таъмирлаш ишлари замонавий архитектура меъёрлари асосида қайта ишлаб чиқилган бош режасига мувофиқ амалга оширилди, – дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Ўктам Жумабоев. – Маъмурий, ижтимоий, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотларини барпо этишда замонавий шаҳарсозлик талабларига амал қилинди. Натижада туманимиз маркази замонавий кўринишга эга бўлди.
Тижорат банкларидан ажратилган 2 миллиард 550 миллион сўм кредит маблағлари ҳисобидан туман марказидаги Бўстон, Самарқанд маҳаллалари ҳамда Узун қишлоғида 38 икки қаватли уй таъмирланди.
Айниқса, инфратизим иншоотларининг янгиланиши аҳолини мамнун қилди. Чунки бу соҳадаги муаммолар энг оғриқли бўлиб келаётган эди. Шу боис 4,8 километрли ичимлик суви, 1,1 километрли канализация, 3,7 километрли электр, 3,8 километрли газ тармоқлари барпо этилиб, 3 электр трансформатор, 4 газ тақсимлаш пункти янгиланди. 6 километрли ички йўлларга шағал ётқизилди. 2,1 километрли йўл асфальтланди. 0,6 километрли пиёдалар йўлакчаси қурилди. 339 миллион сўмлик бетон ариқлар ўрнатилди.
Ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун республика бюджетидан 13 миллиард 393 миллион сўм маблағ ажратилиши дастурни муваффақиятли амалга ошириш имконини берди. Ушбу 12 миллиард 715 миллион сўми умумтаълим мактаблари, туман тиббиёт бирлашмаси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабини таъмирлашга йўналтирилди.

2.jpg

Дастур доирасида ҳомийлар томонидан 2 миллиард 896 миллион сўм маблағ ажратилиши ижтимоий ва ишлаб чиқариш иншоотлари барпо этишда катта кўмак бўлди.
“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан енгил конструкцияли тикувчилик цехи қурилиб ишга туширилди. 100 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган корхонада тайёр буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Обод марказ” дастури 2018 йилда Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчасида намуна сифатида муваффақиятли амалга оширилган эди. Ўтган йили ушбу дастур асосида вилоятдаги қолган 11 туман марказини қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Тўғри, бу дастур ҳозирча барча туманда тўлиқ амалга оширилганича йўқ. Иш давом этаётир. Бироқ ҳозиргача бажарилган ишларнинг ўзи ҳам унинг кўлами нечоғли катта эканлигини кўрсатиб турибди. Ҳозиргача ҳудудлардаги 49,5 километр ичимлик сув, 115,8 километрлик электр тармоқлари ва 75 трансформатор реконструкция қилинди. 32,4 километр газ тармоқлари ва 60 газ тақсимлаш пункти, 34,9 километр йўллар таъмирланди.
Дастур доирасида туман марказларида 61 ижтимоий соҳа иншооти, шу жумладан, 21 мактаб, 13 мактабгача таълим муассасаси, 7 соғлиқни сақлаш, 3 спорт, 7 касб-ҳунар, 4 маданият объектида қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилди. 503 икки қаватли уй-жойни таъмирлаш ишлари якунланди.
“Ўзпахтасаноат” АЖ вилоят ҳудудида жами 12 енгил конструкцияли тикувчилик цехини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.
Бу ишларнинг барчаси ҳудудларнинг қиёфасини тубдан ўзгартирди. Фақат ҳудуд қиёфасини эмас, одамларнинг кайфиятини ўзгартирди, уларнинг қалбига давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар истиқболига, келажакка ишонч уйғотди.
Бу янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги манзараси. Бу манзара ҳали кўплаб тарихий, илмий, бадиий асарларга, киноларга мавзу бўлиши шубҳасиз. Чунки мамлакатимизда тарихий аҳамиятга молик ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик, яратувчилик ишлари амалга оширилаётир. Бу Ватанимиз янги даврининг манзараси.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

Comments are closed.