«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Навоийда комбинат ходимларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради. Қурбонлар бор

Шу йилнинг 5 январь куни соат 06:40лар атрофида Навоий вилояти Конимех тумани Навоий – Зарафшон трассасининг 61-километрида «Нексия» русумли автомобил Навоий тоғ-металлургия комбинатининг ишчи-ходимларини олиб кетаётган «Исузу» автобуси билан тўқнашиб кетган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисига айланган 19 нафар фуқародан 10 нафарининг аҳволи яхши бўлгани боис уйига жавоб берилган.

Ушбу автоҳалокат натижасида икки нафар фуқаро – Томди туманидан 58 ёшли А.М. ва Конимех туманидан М.У. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Саккиз нафар фуқаро эса Конимех тумани Зафаробод посёлкасидаги Навоий тоғ-металлургия комбинатига қарашли 5-сонли тиббий санитария қисмига тез тиббий ёрдам бригадаси ёрдамида олиб келинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур тиббий санитария қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалидан малакали нейрохирург ва травматолог мутахассислар Санитар авиация орқали жўнатилган.

Жароҳатланганлар — Томди туманидан 18 ёшли А.А., 46 ёшли А.Н. ва 20 ёшли А.К., Конимех туманидан 14 ёшли А.Ж., 41 ёшли А.Ж. ва 56 ёшли Б.К. Зафаробод посёлкасидан 20 ёшли Н.С. ҳамда 27 ёшли С.Ш. зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. Улардан бирининг аҳволи оғир, уч нафарининг аҳволи эса эса ўртача оғирликда, қолган тўрт нафарининг аҳволи қониқарли даражада. 

Айни пайтда уларнинг аҳволи малакали шифокорлар назоратида бўлиб, стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади ССВ маълумотида. 

Manba: kun.uz

Comments are closed.