«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ишонч телефон рақамлари жамланган ягона интернет сайтини яратиш таклифи билдирилди

“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига “Ишонч телефонлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳақида”ги петиция жойлаштирилди.
Мурожаатда қайд этилишича, ҳозирда мамлакатимиз аҳолиси ўртасида “Ишонч телефонлари нега ишламаяпти?, Нега уларга ҳеч ким жавоб бермаяпти?, Нега зарур вазиятда қўнғироқ қилганимизда бошқа манзилга тушаяпмиз? қабилидаги саволлар кўп учрамоқда.
Петицияда қайд этилишча, барча ишонч телефон рақамларини ўзида мужассамлаштирган ягона интернет сайтини яратиш муассасаларнинг ишончли рақамини топишда анча қулайлик яратади.
Бундан ташқари, ишонч телефонларига жавоб бермаганлик учун жавобгарликка сабаб бўладиган ҳолатларнинг рўйхатини шакллантириш ҳукуматнинг халқ билан бўладиган мулоқотга янада масъулият билан ёндашишига туртки бўлади.
Қайд этилганидек, ишонч телефонларига жавоб беришда соҳа мутахассисларини кўпайтириш тизимни ислоҳ қилишда асосий омил ҳисобланади. 
Шунингдек, кўплаб ташкилот ва муассасаларда, истеъмолчи ёки мижоз билан боғлиқ зиддиятли вазиятлар ишонч телефонларига мурожаат этишни тақозо этади. Шу мақсадда, мурожаатчилар сони мониторингини онлайн тизимда кузатиб бориш ёки мурожаатларни қабул қилишнинг онлайн йўлга қўйилиши фуқаролар ва мутасаддилар ўртасидаги мулоқотнинг шаффофлигини таъминлайди.

Мурожаат сўнггида давлат органлари ишонч телефонларининг тўлиқ рўйхатини ўзида акс эттирган сайт йўлга қўйилишини ва ишонч телефонлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганган ҳолда мутасаддиларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни таклиф қилинган.

ЎзА

Comments are closed.