«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ўзбекистон, Эрон ва Марказий Осиё стол теннисчилари баҳслашди

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт саройида 22-27 декабрь кунлари Ўзбекистон стол тенниси федерацияси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда Осиё стол тенниси федерациясининг 2019 йилдаги “ITTF ASIA DEVELOPMENT PROGRAM” низоми бўйича “Марказий Осиё Олимпия умидлари” ҳафталиги ўтказилди.
Мазкур спорт ҳафталикда 10 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон, Эрон ва Марказий Осиё давлатларининг терма жамоалари аъзолари ўқув-машғулот йиғинида назарий ва амалий, техник ҳамда жисмоний машғулотларда ўз тажрибаларини оширди. Ёш теннисчилар австриялик мураббий Дмитрий Левенко, эронлик Фаражи Реза ҳамда мамлакатимиз стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудова қўл остида шуғулланди.
Ҳафталик якунидан сўнг кадетлар ва “Олимпия умидлари“ тоифасида халқаро очиқ турнир ўтказилди. Стол тенниси бўйича илк маротаба мамлакатимизда ўтказилган мазкур мусобақада совринли ўринлар учун кураш асосан Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасида ўтди.
Кескин ва муросасиз ўтган турнирнинг кадетлар ўртасидаги баҳсларда Никита Панов ҳамда Насибахон Тожиохунова терма жамоамизга бронза медалини келтирган бўлса, “Олимпия умидлари“ ёш тоифасида Аселя Эркабоева кумуш, Шаҳбоз Ғуломиддинов эса бронза медалини қўлга киритди.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА

Comments are closed.