«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Тиббиётга оид тадқиқотда 490 нафар бемор ихтиёрий иштирок этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 10 фоизи жигарнинг сурункали касалликларига чалинган бўлиб, шундан салкам 20 миллиони жигар циррози билан хасталанган. Ҳар йили икки миллиондан зиёд одам жигар етишмовчилигидан вафот этади.Жигар циррозининг (ЖЦ) портал гипертензия (ПГ) синдроми ҳозирги кунда ўлим ва ногиронликнинг энг юқори ўринларини эгаллаб турибди. Айнан жигар циррози ва портал гипертензия синдроми йилига 300 мингдан зиёд инсоннинг ўлимига сабаб бўлмоқда ва башоратларга кўра, яқин ўн йилликда ушбу касаллик билан оғриган беморларнинг сони 60% га ошиши мумкин. Ушбу тоифа беморларни радикал даволашнинг ягона усули жигар трансплантацияси ҳисобланади.
Ушбу касаллик жиддий экани ҳисобга олиниб, бугунги кунда юртимиз олимлари ҳам айни йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-хирургик касалликлар ва урология кафедраси доценти Санжар Рўзибоев тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди.
Тадқиқотчи академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасасида “Портосистем шунтлаш операциясидан кейинги узоқ муддатда жигар циррози билан беморларда реабилитация дастури ва асоратлар профилактикасининг замонавий тамойиллари” мавзусида илмий тадқиқот олиб борди.
Мазкур диссертация ишида қайд этилишича, фармакологик ҳамда эндоскопик даво муолажалари самара бермаган беморларда ва жигарни трансплантация қилишга эҳтиёж бўлмаганда портосистем шунтлаш (ПСШ) операцияси портал тизимни декомпрессия қилишнинг энг маъқул варианти сифатида қаралади.
Муаммонинг яна бир томони шундаки, жигар циррози бўйича ПСШ операцияси бажарилган беморлар учун операциядан кейинги узоқ даврда шунтлашдан кейинги ривожланадиган махсус асоратлар ва асосий касалликнинг кечишини реабилитация қилиш программасини стандартлаштирадиган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу тадқиқотнинг объекти – Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасасида (2004-2018 йиллар) ЖЦ ва ПГ билан даволанган 490 нафар бемор бўлди. Тадқиқот натижалари ПСШдан кейинги узоқ даврда қизилўнгач ва ошқозон варикоз кенгайган веналари (ҚОВКВ)дан қон кетиши, жигар етишмовчилиги хусусиятлари ва хавф омилларини аниқлаш йўли билан портал гипертензия хирургиясининг замонавий ютуқларига сезиларли ҳисса қўшди. Шунтлашдан кейинги даврда жигар етишмовчилиги ва ҚОВКВдан қон кетиши каби асоратларнинг кечиши оғирлигини ҳисобга олган ҳолда беморлар учун даволаш-диагностика тактикаси ишлаб чиқилди ва реабилитацион дастур оптималлаштирилди.
– Ҳозирги кунга қадар ЖЦ билан беморларда вирусга қарши этиотроп даволашга кўпчилик олимлар скептик равишда қараб келишган, – дейди Санжар Рўзибоев. – Мазкур тадқиқотда вирусли этиологияли ЖЦ билан беморларда ПСШдан кейинги даврда вирусга қарши терапия самарадорлиги В вирусли циррозда 56,3 фоизи, С вирусли беморларда эса 85,7 фоизгача самарали натижа бериб, патологик жараённинг яхши кечиш кўрсатгичини 20,5 фоизидан (самарасиз терапия ) 60,6 фоизгача (самарали даво) яхшилашга эришилди. ПСШдан кейинги даврда фақатгина 16,1 фоиз (79) беморларда жигар энцефалопатияси (ЖЭ)нинг клиник ифодаланган шакли аниқланди. ЖЭни ўз вақтида адекват профилактика қилиш ва даволаш, ушбу асоратнинг асосий патогенетик бўғинларига таъсир этувчи препаратларни (L-орнитин-L-аспартат ва лактулоза) қўллаш нафақат клиник регрессга эришишга, балким 43,9 фоизи (215) беморда инструментал аниқланишига эришилди, қолган 37,1 фоиз (182) беморда ЖЭсининг латент формаси аниқланди.
Портал гипертензия билан беморларда ПСШ операциясидан кейин геморрагик синдром ривожланиши хавфи йўқолган пайтда мунтазам равишда назорат кўриклари ва консерватив терапия курсларини ўтказиш ЖЦнинг асоратларини даволаш ва профилактикасида принципиал аҳамиятга эга бўлиб, ушбу жиҳат операциядан сўнгги тавсияларга риоя қилган гуруҳ беморларда узоқроқ умр кўриши ва яшаш сифати шкаласи бўйича юқори бўлиши исботланди.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти шундан иборатки, ПСШдан кейинги узоқ даврда шундан кейинги махсус асоратлар ва асосий патологик жараён кечиши оғирлигини ҳисобга олган ҳолда, жигар циррози билан беморларда даволашни олиб боришнинг даволаш-диагностика алгоритмлари ишлаб чиқилди. 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, келажакда жигар циррозини радикал даволашнинг ягона усули – жигар трансплантацияси кенг йўлга қўйилган тақдирда ҳам портосистем шунтлаш операцияси портал гипертензия синдромини даволашда муҳим аҳамиятли операция сифатида ўз қадрини йўқотмайди.

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА

Comments are closed.