«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Термизда ёввойи қамишни қайта ишлаш кластери яратилди

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Термиз шаҳридаги “Surxon KSP-Grand” масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этди.
Президентимиз 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур корхонанинг қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ янги корхона таъсисчиси ­ “Surxon sanoat qurilish” компанияси қисқа даврда ёввойи қамишдан самарали фойдаланишнинг кластер усулини жорий этди.
Тадбирда “Surxon sanoat qurilish” компанияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Ч.Қувватов журналистларга ана шу жараён ҳақида атрофлича маълумот берди.

02.jpg

Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят ҳудудида 26 минг гектардан ортиқ майдонда ёввойи қамиш ўсади. Ҳар йили куз фаслининг қамишзорлар беаёв ёқилиши воҳанинг Термиз, Музработ каби туманлари ва Термиз шаҳрининг ҳайвонот ва ўсимлик оламига зарар етказиб, экологик муҳитга ўз таъсирини ўтказаётган эди. Бу муаммога чек қўйиш ва табиат инъом этган бебаҳо бойликдан оқилона фойдаланиш учун “Surxon sanoat qurilish” компанияси мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Уч йилдан буён фаолият юритаётган мазкур корхона дастлабки босқичда хорижда ёғоч қириндисидан тайёрланган қурилишбоп плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун 1 миллион 800 минг доллар маблағ сарфлаб, мавжуд бинони реконструкция қилди. Замонавий хориж технологиялари билан жиҳозлади. Бу маблағнинг 987 минг доллари тижорат банки кредитидир. Йилига 1,87 миллион квадрат-метр ҳажмдаги тайёр қурилишбоп материал ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 150 кишининг бандлиги таъминланди.
Навбатдаги босқичда қамиш заррачали плиталарни ламинатлаш ўзлаштирилиб, бир йилда мамлакатимизга хориждан ўртача 100 миллион долларга харид қилинадиган ДСП материали ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Тўлиқ маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилаётган бу материал ёғоч қириндисидан хорижда тайёрланганига нисбатан арзон, сифатли ва намгарчиликка ҳам чидамлилиги билан катта қизиқиш ўйғотди.
— Материал тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан тайёрланмоқда,­- дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Н.Шердонов. — ­Бу ерда бир йилда 30 минг квадрат-метр қамиш қириндили плиталар ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозир бир кеча-кундузда минг донагача оддий плита, буюртма асосида ламинацияланган плита тайёрланиб, маҳаллий ва Афғонистон ҳамда Тожикистон республикаларидаги буюртмачиларга етказиб берилмоқда.

03.jpg

Тадбир доирасида журналистлар корхона дуч келаётган муаммолар билан ҳам қизиқди.
Мутахассисларнинг айтишича, тўлиқ маҳаллийлаштирилган материални ишлаб чиқариш учун қамиш қириндисини бириктиришга “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан “Фармалин-37” клейи ҳамда “Карбамид-А” хом ашёсини қўшиш талаб этилади. Ана шу маҳсулотлар нархи йилдан-йилга ўсиб бораётгани мутахассисларни ўйлантирмоқда. Масалан, корхона ишга тушган дастлабки йилда бир килограмм “Фармалин-37” клейини 1 минг 400 сўмдан харид қилган бўлса, жорий йил бошида унинг нархи 4 минг сўмга етди. “Карбамид-А” эса 600 сўмдан 2000 сўмга кўтарилди. Шундан сўнг мутасадди ташкилотлар аралашуви билан “Фармалин-37” клейи 3 минг 100 сўмга туширилган бўлса-да, бу ҳам ҳали тўлиқ ўз қаддини тиклаб олмаган корхона учун қимматлик қилмоқда. Чунки, корхонанинг бизнес лойиҳаси ишлаб чиқилганида “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг бундан уч йил олдинги нархларига асосланиб, режа тузилган. Лойиҳани қоплаш муддати ўн йилга мўлжалланган. Хуллас, акциядорлик жамияти клей нархини икки баравар камайтирса ушбу лойиҳа ўз самарасини бериши мумкин.
Иккинчидан, айни пайтда Музработ туманида қиймати 12 миллион долларлик йиллик қуввати 150 минг куб-метр материал ишлаб чиқаришга мўлжалланган навбатдаги корхонани қуришни бошламоқда. Бунинг учун тижорат банкидан 7 миллион 100 минг доллар кредит олинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ҳам қамиш қириндисидан плиталар ишлаб чиқарадиган истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

06.jpg

Вилоятда ёввойи ўсадиган қамиш қириндисининг иқтисодиётимизни юксалтиришга йўналтирилаётгани бир йилда ўртача 230 миллиард сўмлик қўшимча солиқ манбаини яратади. Ҳозир корхонада 2,5 мингга яқин доимий ва мавсумий ишчи меҳнат қилаётган бўлса, келгуси йил бу кўрсаткич қарийб тўрт мингга етади. Навоий вилоятидан олиб келинадиган қўшимча хом ашёлар нархи билан боғлиқ масалага ечим топилмаса, мазкур лойиҳалар самарадорлиги пасайиб кетиш эҳтимоли юзага келмоқда.
Мамлакатимизга бир йилда хориждан ўртача 520 минг куб-метр ёғоч қириндили плиталар харид қилинади. Янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ана шу маҳсулотни тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқариш ва йирик миқдордаги валютани тежаб қолиш имкониятини яратади.
Янги йил эшиқ қоқаётган шу кунларда ёввойи қамишдан кластер ташкил этган тадбиркор “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамиятининг қўшимча замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган янги мебель ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топширди.
Бу ерда қамиш қириндили ранг-баранг ламинацияланган плиткалардан бежирим офис ва уй мебеллари ишлаб чиқарилмоқда. МДФ эшиклари кўп қаватли турар-жой биноларига ўзгача кўрк бағишламоқда. Бунинг учун корхона 3 миллион 100 минг долларлик лойиҳани амалга ошириб, цехларни Европа ва Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар ўрнатди.
Корхонанинг тантанали очилиш маросимида шу ҳақида атрофлича фикр юритилди.

09.jpg

Иштирокчилар ишлаб чиқарилган янги мебель маҳсулотлари ва цехларда ўрнатилган замонавий дастгоҳлар билан яқиндан танишди.
— Янгидан ўрнатилган ускуналар корхона қувватини ошириб, тайёрланаётган мебеллар сифатини янада яхшилади,­ — дейди “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Фарҳод Шоимов.­Хорижникидан қолишмайдиган уй, ошхона, офис ва бошқа мебеллар ишлаб чиқаришга қулай муҳитни шакллантирди. Юзта янги иш ўрни яратилди.
Корхонанинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Comments are closed.