«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Байрам кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз, туну кун ишлайди

Бугунги кунда бутун мамлакатимизда, барча оилалар ва меҳнат жамоаларида Янги йил байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Маълумки, юртимизда миллий, диний байрамлар ва бир қатор халқаро миқёсда нишонланадиган саналар муносабати билан дам олиш кунлари белгиланган.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, бу йил ҳам Янги йил байрами муносабати билан юртдошларимиз ҳафталик иш графигига мутаносиб тарзда 31 декабрь, 1 ва 2 январь кунлари дам олади.
Ушбу байрам ва дам олиш кунлари юртдошларимиз ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда сайёҳлар учун кўнгилли ўтишини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ўзига хос маданий-маърифий тадбирлар, байрам дастурлари, арзонлаштирилган истеъмол маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилмоқда.
Халқимиз байрамни хотиржам, осойишта, тинчлик-тотувликда кутиб олишида тиббий хизматнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, байрам кунлари юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида тегишли жадвал асосида шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг навбатчилик асосида фаолият юритиши йўлга қўйилади.
Жумладан, ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи 2351 та амбулатория-поликлиника муассасалари, туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ва мавжуд 218 та туғруқ комплексларида байрам кунлари ҳам тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади.
Шошилинч тиббий ёрдам шифохоналари ва “тез ёрдам” хизмати эса одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудларда 13 та филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимларида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатилади.
Айтиш керакки, бугунги кунда мазкур тизим орқали кунига ўн мингдан кўпроқ чақириқларга “тез ёрдам” орқали тиббий хизмат кўрсатилади. Икки ярим мингдан зиёд беморлар шошилинч тиббий ёрдам муассасаларига госпитализация қилинади.
Бундан ташқари, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Бунинг натижасида тез ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 8-12 километргача қисқарди. Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда. Табиийки, бу замонавий имконият аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш ва тез ёрдам хизмати сифатини яхшилашда ўз самарасини бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

ЎзА

Comments are closed.