«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Меҳр ва эътиборнинг ёрқин ифодаси

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр — концерт саройида бўлиб ўтган “Президент арчаси” тантаналари болажонларга бир олам қувонч улашди.
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам Янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Ҳар бир ҳудудда айём томошалари учун эртакмонанд безатилган майдонлар ташкил этилгани юртдошларимизга кўтаринки кайфият бағишламоқда. Хусусан, вилоят марказидаги Каштанзор кўчасида 27 метрлик арча ўрнатилди. Кўркам арча атрофида кексаю ёш рақсга тушиб, театр ижодкорлари томонидан қўйилаётган саҳна кўринишларини мириқиб томоша қилмоқда. Агар кечки маҳал сайрга чиқсангиз, ўзига хос ёрқин рангдаги чироқлар, улардаги тасвирлар кайфиятингизга кайфият қўшади. 
Эзгу анъанага айланган “Президент арчаси” тантаналари вилоятда юқори савияда ташкил этилди. Тадбирга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган оилалар, Ватанимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари таклиф этилиб, 988 нафар ўғил-қизга Президент совғалари тақдим этилди.

photo5208814312729194129.jpg

Муҳташам санъат саройида бўлиб ўтган тантанали тадбир болажонларда унутилмас хотира қолдирди. Бири-биридан қизиқарли дастурлар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саргузаштларга бой саҳна кўринишлари болажонларга манзур бўлди. Безатилган арча атрофида болажонлар Қорбобо ва қорқиз билан ўйнади. 
–Янги йил байрамини доимо интиқлик билан кутамиз, — дейди Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Хасанбой Абдубаннопов. – Чунки Президентимизнинг бизга аталган совғасини олишнинг гашти бўлакча. Бизга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббат учун уларга раҳмат айтаман. Келажакда Ватанимизнинг янада тараққий этишига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. 
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев иштирок этди.

photo5208960693804576137.jpg

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

Comments are closed.