«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

“Ўзнефтгазинспекция”: 4 миллиард сўм миқдоридаги ноқонуний газдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

Жорий йилнинг 10 декабридан 19 декабрига қадар “Ўзнефтгазинспекция” томонидан мамлакатимизда табиий газдан фойдаланиш бўйича мунтазам тадбирлар ўтказилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 4 миллиард 48 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланди. Бу ҳақда “Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизмати маълум қилди.

Хусусан, Навоий вилояти оҳак ишлаб чиқариш цехида 259,2 миллион сўмлик, Самарқанд вилоятида жойлашган “Ғулом Файз Барака Замин” МЧЖга тегишли иссиқхонада 422,4 миллион сўмлик ва Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Эхсон Майбод Мануфактуринг Гроуп” МЧЖ га қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи цехда 527,6 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур ташкилот юртимизда табиий газнинг етишмаслигининг асосий сабабларидан бири – табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш эканлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда 3 минг 800 дан ортиқ табиий газдан ноқонуний истеъмол қилиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида жами 71 миллиард 310 миллион сўм миқдорида зарар келтирилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

ЎзА

Comments are closed.