«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Маъмурий суд ишлари: амалиёт ва халқаро тажриба

Самарқанд шаҳрида судьялар ва давлат бошқаруви органларининг ходимлари учун маъмурий суд ишларини юритишнинг назарий ва амалий масалаларига бағишланган тренинг бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тренингда мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги маъмурий суд судьялари, ҳокимликлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

photo5199925568672476185.jpg

Тренинг маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, оммавий-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш, иштирокчиларнинг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарув органлари ходимлари ҳамда судлар ва судьяларнинг ўзаро алоқаларида ҳуқуқий кўникмаларни такомиллаштириш мақсадида ўтказилмоқда. Унда Маъмурий суд судьялари Жаҳонгир Жўраев ва Жўрабек Неъматов ҳамда хорижлик экспертлар – Воронеж давлат университетининг юридик факультети декани Юрий Старилов, Новосибирск шаҳридан ҳуқуқшунос олим Константин Давидовлар тренинг машғулотларини олиб боришмоқда.

photo5201883227650894684.jpg

– Бугунги кунда “Маъмурий тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг ўзаро боғлиқлиги, уларни амалиётга татбиқ этишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Олмазор туман маъмурий суди судьяси Шербек Иномжонов. – Шу боис, бугунги семинарда амалиётга жорий қилинаётган қонун ҳужжатларининг долзарблиги, мазмун-моҳияти ўрганилиб, халқаро тажрибада бу жараён қай тартибда олиб борилаётганлигини муҳокама қилаяпмиз. Бунда мамлакатимиздаги маъмурий иш юритиш тартибининг халқаро тажрибага мослиги ҳам таҳлил қилинмоқда. Бу келгусида ушбу йўналишдаги ишларнинг юритилишини халқаро талаблар даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

photo5201883227650894685 (1).jpg

28 декабрга қадар давом этадиган тренингда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг тажрибасига асосланган ҳолда назарий ва амалий билимларни ҳаётий вазиятларда қўллаш кўникмалари шакллантирилади. Хусусан, маъмурий суд ишларини юритиш, унинг босқичлари ва шакллари, маъмурий ишларни кўришда қонуности ҳужжатлар ҳамда маъмурий актлар тушунчаси ва турлари ҳақида кенг маълумотлар берилиши кўзда тутилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

Comments are closed.