«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Онани “боланг ўлик туғилди“ деб алдаб, бола сотиб юборилган
Онани “боланг ўлик туғилди“ деб алдаб, бола сотиб юборилган

Тиббиёт соҳасида йўл қўйилаётган айрим ҳолатлар инсонийлик мезонларига мутлақо тўғри келмайди. Кўзи ёриётган аёлларни икки йўл орасидаги кишига қиёсланади. Лекин айрим шифокорлар шу ожиз аҳволдаги аёлларга шафқат қилиб ўтирмайди. Улардан тамагирлик қилиб пул олишгани етмагандай, бола туғилгач онани “боланг ўлик туғилди“ деб алдаб, болани сотиб юбориш ҳолатлари учрагани жуда аянчлидир.

Бундай ҳолатлар Бош прокуратурада Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг йиғилишида танқид остига олинди.

Нафақат туғруқхоналар, балки хавфли касаллик – оқ қон ва қон тизими касалликларини диагностика қилиш ҳамда даволаш соҳасида ҳам қатор муаммолар мавжуд.

Бош прокурор Н. Йўлдошев сўнгги тўрт йилда гематологик касалликка чалинган беморлар сони республикада 10 фоизга ортган бўлса-да, бу йўналишдаги шифокор штатлари ва бемор ўринларини кўпайтириш чоралари кўрилмагани туфайли беморлар 3 кундан 6 кунгача навбат кутишга мажбур бўлаётганини қайд этди.

Институт поликлиникаси бир йилда 40 минг нафар беморни қабул қилишга ихтисослашган бўлса-да, 2018 йилда 68.152 нафар (шундан 30.704 нафари болалар) ёки қувватига нисбатан 70 фоизга кўп бемор қабул қилинган.

Бу эса, ўз навбатида, даволаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, ўринлар камлиги туфайли беморларнинг шифохонага кеч келтирилиши оқибатида сўнгги тўрт йилда 63 та суткалик ўлим ҳолатларига сабаб бўлган.

Йилдан-йилга аҳоли ва қон касалликларига чалинганлар сони ортиб бораётган бир пайтда, гематология соҳасидаги штат нормативлари ҳанузгача вазирликнинг маънан эскирган ва бугунги талабларга жавоб бермайдиган, 1995 йилги 354-сонли буйруғига асосан тартибга солинмоқда.

Бунинг оқибатида туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида гематолог штати умуман назарда тутилмаган.

Институт клиникаcининг цитостатик дори воситалари билан таъминланиш даражаси пастлиги (40%) оқибатида бу касалликлардан тузалиш кўрсаткичи ўртача 40- 50 фоизни ташкил қилаётганлиги ўта ташвишлидир.

Республикада ягона бўлган – Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига бепул даволаниш учун бир ойда 323 та ордер берилса-да, амалда 544 нафар бемор қабул қилинмоқда ва табиийки, бу ерда ўринлар етишмайди.

манба; ЎзА

Comments are closed.