«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

​Зўравонликка учраган аёллар тадбиркорликка жалб қилинмоқда​
​Зўравонликка учраган аёллар тадбиркорликка жалб қилинмоқда​

Экспертлар зўравонликлар иқтисодий кам таъминланган оилаларда эмас, гендер тенглиги тан олинмайдиган ўзига тўқ оилаларда ҳам учраб туришини айтишади. Аммо, кузатишлар бу ҳолат паст иқтисодий кўрсаткичли ижтимоий қатламга мансуб оилалар ҳисобига тўғри келишини тасдиқламоқда.

Оиласини етарли тарзда таъминлай олмаган эркак асабийлашади, иродаси сустлари ўзини овутиш учун ичишни бошлайди ва ичкиликка берилади.


Етишмовчиликдан эзилиб турган аёлга эрнинг ичкиликбозлик қилиши ёқмаслиги табиий. Оиладан нотинчлик бошланади. Шу тариқа аёлларга нисбатан руҳий ва жисмоний зўравонликлар гоҳ ошкора, гоҳ яширин юз бера бошлайди.


Аёлни бундай оиладан воз кечиб кетмаслигига сабаб унинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги эмас, аксинча, қизалоқларга оила муқаддаслиги, сабрли, андишали бўлиш ва ўз бахтини эмас, яқинларининг бошини эгмаслик ҳақида ўйлаш каби фазилатлар сингдирилгани.


“Фарзандим учун яшай, эримга ҳам инсоф кириб қолар ёки уйга қайтсам, ота-онам эл ичида уятга қолади ёхуд акам уйга сиғдирмайди”, каби фикрлар уларни оилада қолишга мажбур қилади.

Бундай хаёллардан чарчаган, аммо эр билан яшашига ҳам кўзи етмай, жонидан тўйган аёллар ягона чора сифатида жонига қасд қилиши ёки турмуш ўртоғининг жонига қасд қилиши ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.


Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ОАВда оиладаги зўравонлик ва унинг оқибатида юз бераётган жиноят, ҳатто суицидлар ҳақида очиқ айтилмоқда.


— Ҳаётдан шу қадар совудим-ки, бошимда фақат ўзимни ўлдираман, ўзимни осаман деган фикр келарди, — дейди бухоролик 39 ёшли Мунаввар (исми ўзгартирилган).

— “Нима қилсам, узоқларга чиқиб кетсамми?“ деган хаёл билан тунлари ухлай олмасдим. Энг ёмони — руҳи синиш экан. Ҳар куни эримнинг ҳақоратли сўзлари, жанжалларидан безиб, босим остида қўрқув билан яшаётгандим. Шу қадар асабий эдимки, нафасим сиқиб, эркин нафас ололмасдим.


Ҳозирда ҳаёти изига тушиб кетган Мунаввар ўтган кунлари ҳақида шундай эслайди. На бирор ҳунар, на бирор касбни эгаллаган аёл қўшниларининг уйида майда-чуйда ишларни қилиб пул топган. Уч боласи учун егулик олишни истаган аёлнинг қўлидан кунлик топилган 30-40 минг сўмни эри тортиб олиб, ичкиликка сарфлаган.

Камига аёлни тинимсиз калтаклаб келган. Оиланинг ҳолатидан хабардор маҳалла фаоллари, Мунавварни Франциянинг АКТЕД гуманитар ташкилоти ва Европа Иттифоқи кўмагида Бухородаги “Ойдин нур” маркази ўтказаётган лойиҳага таклиф қилишди.

Тиренгда ҳуқуқшунос, психолог шифокорлар ва тақдири ўзига ўхшаган аёллар билан учрашган Мунавварда ҳаётга, келажакка ишонч уйғонди. Дастурда ғолиб бўлган бизнес-лойиҳа эгаларига қайтарилмас маблағ берилиши нур устига нур бўлди.


– Эътибор берсам, маҳалламизда ошхона йўқ экан, бу фикр ташкилотчиларга ҳам маъқул бўлди, – дейди Мунаввар. – Яқин атрофда яшовчи ўзимга ўхшаб қийналган уч дугонамни чақириб, ишни нимадан бошлашни келишиб олдик. Кейин турли таомлардан кам-камдан тайёрладик. Уйимиз ёнидаги мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари биринчи харидор бўлишди. Ўтган уч ойда анча-мунча мижозга эга бўлдик. Фойда ҳам кўрдик. Яна ўнтача иш ўрни яратмоқчимиз. Бу ютуқдан ўзимга ишончим ошди, завқланиб, умид билан яшашнинг қадрига етдим.


Қайд этиш керакки, вилоятларда жабр кўрганлар учун очилган мослашув марказлари, уларни бошпана билан таъминловчи, бепул ҳуқуқий ва психологик хизмат кўрсатувчи ННОлар фаолият юритмоқда.


Бухородаги “Ойдин нур” маркази ва Самарқанддаги “Раҳмдиллик” жамияти шу йўналишдаги нодавлат ташкилотлардан саналади.

2000 йилда ташкил этилган Самарқанд вилоятидаги “Раҳмдиллик” жамияти аёллар ва уларнинг болалари учун таълимий тадбирларни ҳам таклиф қилади. Кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган болалар гуруҳларининг ҳуқуқларини ҳимоялайди. Охирги икки йил давомида “Раҳмдиллик” жамияти минг нафардан ортиқ аёлга консультация ва кўмак, 250 нафар аёлга вақтинчалик бошпана берди.


– Фарзанд бўлмагани сабабли биринчи турмушим бузилган. – дейди Гулноза. – Иккинчи марта ногирон одамга турмушга чиқиб, учта қиз кўрдим. Эрим учинчи гуруҳ ногирони, ҳеч иш қилмайди. Кун бўйи уйда телевизор кўради, мен хизматидаман. Шундай бўлса-да, кўнглини тополмайман, арзимаган нарсага калтак остида қоламан. Фарзандларим олий ўқув юртида ўқийман деб орзу қилади.


Шифокорга борган Гулноза халқаро ташкилотлар кўмагида мослашув маркази ҳақида эшитиб, “Раҳмдиллик” жамиятига келади. Дастурда иштирок этиб, бир бош сигир, қаймоқ чиқарадиган “сепаратор” ва йирик музлатгичга эга бўлади. Чорва учун оғилхонаси ҳам бўлмаган оила сигир ва бузоқча кўчада қолиб, касал бўлмасин деб деган хавотирда ўз яшаётган уйга олиб киргани ҳақида кулиб эслайди.


– Текинга сигир олиб беришса, уни эҳтиёт қилишим керак-да. – дейди Гулноза.– Ҳозир еб-ичишимиз бироз яхшиланди. Сигирни соғиб, сутини сотяпман. “Сепаратор”ни ишлатиб, қаймоқ ҳам тайёрлаяпман. Уларни совитгичда қўйсам, қўшнилар, таниш билишлар уйдан сотиб олиб кетади. Қўлимиз пул кўрмоқда. Олдин фарзандларимни шартнома асосида қандай ўқитаман, дердим. Энди хавотир олмайман. 


Чекка ҳудудларда ҳаёт кечираётган бу аёлларнинг ҳаётий ҳикоялари жуда кўп ва ранг-баранг. Энг муҳими, бир пайтлар зўравонлик кўрган, ҳаёт шу экан, деб тақдирга кўнган, ҳатто ўз орзу-умидларидан кечиб, жонига қасд қилмоқчи бўлган аёллар бугун тадбиркорлик билан банд.


Ўзини, оиласини моддий аҳволини таъминлашга ҳисса қўшаётган аёлларнинг турмуш ўртоғи олдида ҳам ҳурмати ошиб, қадри юксалмоқда. Аслида ҳам аёл ўзгаларга қарам бўлмасдан, бирор бир касбнинг бошини тутса ёки ҳунар эгалласа, аввало оиласида, кейин атрофдагилар олдида ҳам ҳурматга эга бўлади.


– Қанча огоҳлантирмайлик, ота-оналар қизларини эрта турмушга беришни давом эттирмоқда, – дейди Самарқанддаги “Чоштепа” маҳалласи фаоли Зуҳра Яхшибоева.– Қиз ёш ва уқувсиз, йигит ҳам бирор-бир ишнинг бошини тутмаган, лекин “болаларимизнинг орзусини кўрайлик, тўй қилайлик”, дея шошган ота-оналар тўй қилади. Оқибатини ўйламайди, кейин дод деб маҳалладан ёрдам сўраб келади. Қизлар рўзғор ишларини бир амаллаб эплайди-да, бошига тушгандан кейин болани ҳам эплайди, деган тушунчалар даври ўтди. Қизларга замонавий билим бериш, ўқитиш, керак. Шунингдек, йигитларга ҳам оилани бошқариш, аёли ва фарзандлари учун масъул эканини тушунтириш вақти келди.


Ота-оналари йўл қўйган хатоларини АКТЕД гуманитар ташкилоти ва Европа Иттифоқи кўмагида тўғрилаб, қаддини тиклаган элликдан ортиқ ишбилармон аёл ҳозирда ўзига ўхшаган дугоналарига руҳий далда бўлиб, ўз ҳаётий тажрибаларини ўргатишмоқда.

O’zA

Comments are closed.