«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили

I қисм
Бўлсин десанг умр чароғон,Тақдирингни оқлагил инсон.Садоқатли дўстсиз жаҳонда,Бойлик, шуҳрат – бариси ёлғон.
Абай ҚЎНОНБОЕВ.

Бундан ярим йил муқаддам (2019 йил 15 апрель куни) Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг тантанали очилиш маросими бўлди.

“Бугунги кун Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларида янги, тарихий кун бўлиб қолади. Ушбу ажойиб ҳодиса икки халқнинг маданий ва маънавий муштараклиги, абадий ва самимий дўстлиги рамзи ҳамдир”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,Ўзбекистон Республикаси Президенти
“Марказий Осиё минтақасининг муваффақиятли иқтисодий тараққиёти, барқарорлиги ва хавфсизлиги кўп жиҳатдан Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорлиги ва ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Қозоғистон – Ўзбекистон муносабатлари ҳақиқий юксалиш даврини бошдан кечирмоқда.

Қосим-Жомарт ТОҚАЕВ,Қозоғистон Республикаси Президенти

Буюк Абай Қўнонбоев ўзбек биродарлари тўғрисида шундай деган эди: “Ўзбеклар етиштирмайдиган ва мўл ҳосил олмайдиган экиннинг ўзи йўқ, ер юзида ўзбек савдогарларининг оёғи етмаган жой йўқ, ўзбеклар уддалай олмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Ўткир зеҳн, маҳорат, абжирлик ва тадбиркорлик – буларнинг ҳаммаси ўзбекларга хос хусусиятдир. Вазминлик ва хушмуомалалик ҳам шуларда”.

Жанубий Қозоғистонда таваллуд топиб, Ўзбекистонда таҳсил олганман. Буюк шоир ва мутафаккирлар: Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси Абай шеърларини ўқиб катта бўлганман. Мухтор Авезовнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Абай йўли”, Ойбекнинг “Навоий”, Робиндранат Тагорнинг “Гоурмаҳон” (“Gora”) романлари қўлимдан тушмасди.

Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон Миллий) университетида ўқиб юрган кезларим журналист-талаба дўстларим: – Ҳей, сен албатта Ўлжас Сулаймоновнинг шеърларини олиб келгин, деб топшириқ беришар эди. Шу пайтдаги Қозоғистон пойтахти – Олмаотада Ўлжас Сулаймоновнинг рус тилида чоп этилган “Ер таъзим қилгин инсонга” (“Земля поклонись человеку”) номли шеърий тўплами факультетимизда қўлдан-қўлга ўтиб ўзимга ҳам тегмай қоларди. Ўлжаснинг муҳорабадаги Ютуқ, Ғалаба ҳақида шамолдан ҳам тез учиб хабар етказувчи “Қизил чавандоз” ва қўшин мағлубиятга учраб, тор-мор қилинганлиги тўғрисида машъум хабар олиб келувчи ва муқаррар ўлимга маҳкум этилажак “Қора чавандоз” шеър-балладаси буюк даҳолар Пушкин, Гёте, Данте Алигьерилардан қолишмайдиган фикр, ақл, эҳтирос, поэтик руҳ, роҳат бахш этарди. Ўлжас Сулаймонов қаламига мансуб Махамбет (Муҳаммад) Ботирнинг Ўрол дарёси бўйидаги ўйлари шеърини бир ўқиганда ёд олганман. Ўлжаснинг шеърлари Алишер Навоий ғазаллари, Ҳамид Олимжон шеърлари, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов поэзияси каби қалбимда чуқур из қолдириб, хотирамдан бир умрга жой эгаллаган.

Ёдимда, собиқ иттифоқ тарқалиб кетганидан сўнг МДҲ – Мустақил Республикаларнинг қарор топиши тўғрисидаги муҳим ҳужжатлар шу пайтдаги Қозоғистон пойтахти – Олмаотада имзоланадиган бўлди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи йиғилишида Қозоғистонга делегация таркибида келган халқ депутати Эркин Воҳидовнинг чиқишини телевидениега ёзиб олишимизни тавсия этишди. Шунда мен Эркин Воҳидов ёнида албатта қозоқларнинг буюк шоири Ўлжас Сулаймонов туришлари шарт дедим. Шу пайтда у киши анжуманда йўқ эканлар. Биз қанча бўлса кутамиз, лекин Ўлжас оға Эркин аканинг ёнида бўлишлари ва МДҲ, Марказий Осиё ҳаётида содир бўлаётган бундай муҳим воқеага ўз муносабатларини билдириши керак, деб туриб олдим. Анча кутишга тўғри келди. Бир пайт қуёшми ёки ойми чиққандек анжуман биноси фойесида ўрнатилган чироқ, микрофон, камералар томон бизга қараб жилмайиб Ўлжас Сулаймонов кириб келди. Шу куни Қозоғистон билан Ўзбекистондан ташқари кўпчилик МДҲ давлатлари телевидениелари ўз эшиттириш ва кўрсатувларини Қозоғистонда содир бўлган бу оламшумул воқеа ҳақидаги Марказий осиёлик икки донишманд шоирларимиз Эркин Воҳидов билан Ўлжас Сулаймонов гаплари, нуқтаи назарлари, экспромт ёзилган шеърлари билан бошладилар.

Мустақиллигимизга қадар Қозоғистонда ўзбек тилида газета чиқмаганлиги сабабли, менинг бир мақолам Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент вилояти марказида чоп этиладиган “Ўнтустиқ Қазақстан” газетасида босиб чиқарилди. Мақоланинг номи: “Сўзга жуйрук экан, ал искеши?” деб номланган эди. Бу бир чимкентлик маҳаллий маъмурият раҳбари ҳақида танқидий мақола бўлиб, ўзбекчага ағдарадиган бўлсак: “Афандимиз сўзга жуда бийрон экан, лекин ишга келганда-чи?” деган маънони англатар эди.

Яна бир қозоқ оммавий ахборот воситасининг ўз ҳамшаҳрига бўлган диққат-эътиборини унута олмайман. Ўн бир йил Москвада, “Время”да ишлаган, кейин бошқа лавозимларда хизмат кўрсатган бўлсам ҳам, 70 йиллигим ҳақидаги мақолалар ўзбек тилида тасвирлар, табриклар ва сийловлар билан “Жанубий Қозоғистон” газетасида бир саҳифа қилиб босилиб чиқди. Мени мендан ҳам кўпроқ, яхшироқ биладиганлар Чимкентда ҳам бор эканликларига ишонч ҳосил қилдим.

Агар Чимкентда, бундан қарийб 60 йил муқаддам, бугунгидек ўзбек тилида газета чоп этилади, радиоэшиттиришлари, телевидение кўрсатувлари берилади (уларнинг кўплари Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам Мустақилликка эришилгандан кейин содир бўлди) деганларида, балким отам дунёга келган ва шу ердан Иккинчи жаҳон урушига кетган, онам ва акаларимининг ёнида қолган бўлармидим, яна билмадим. Лекин чимкентлик шоир ва ёзувчилар ўзларининг ўзбек тилида илк бор чоп этиладиган “Ижод маскани” деб номланган каттагина шеърий тўпламга сўзбоши ёзиб беришимни сўраганларида мен ўзимни ниҳоятда бахтиёр ҳис қилдим. Ёдимда, сўзбошини тиниқ, шифобахш Чимкент булоқларидан сув ичиб, тоза ҳавосида униб-ўсиб, қозоқ тенгдошлари билан дўстлашиб катта бўлган ҳамкасбларим ҳаёти ва ижодидан бошлаган эдим. Қаламкаш дўстларим ютуқларининг барчаси Қозоғистондаги ҳаммиллатларим – ўзбекларга қозоқ оға-иниларимнинг (адолат юзасидан давлати ва ҳукумат раҳбарларининг, деб қўшиб қўяйлик) меҳри, муносабати, ғамхўрлигидан далолат беради-ку! Ахир, Қозоғистон Ўзбекистонга хассос ўзбек лирик шоирлари Миртемирни, Уйғунни, ёзувчилардан Одил Ёқубовни, Саъдулла Сиёевни, Носир Фозилни ва бошқа қанчадан-қанча истеъдод эгаларини берди.

2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили номли мақоланинг биринчи қисми билан танишдингиз. Мақоланинг иккинчи қисми эртага чоп этилади.

И.Абдухолиқов, ЎзА

Comments are closed.