«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Якунланаётган йил қишлоқ хўжалигида салмоқли натижаларга бой бўлди

Бу йил мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни катта кўтаринкилик билан нишонланди. Жойларда ушбу сана муносабати билан Ҳосил байрамлари ўтказилди. Тадбирларда юртимиз тўкинлиги ва фаровонлиги таъминотчилари – деҳқон ва фермерлар, чорвадорлар, пиллакорлар, қўйингки, соҳанинг барча меҳнаткашлари улуғланди.
Қайд этиш керакки, қишлоқ хўжалиги учун мураккаб келган жорий йилда ҳам кўпни кўрган, ер билан тиллашадиган, дардлашадиган деҳқонларимиз барча қийинчиликларни, табиат инжиқликларини мардонавор енгиб, мўл-ҳосил етиштирган ҳолда йилни ёруғ юз билан якунламоқда.
Соҳа меҳнаткашларининг саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилда 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари ва 8,1 миллиард дона тухум етиштирилди.
Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинди. Шунингдек, 1,3 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 1,5 миллион тонна мева-сабзавот хорижга экспорт қилинди.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага фан-техниканинг илғор ютуқларини жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам жадал давом эттирилмоқда. Хусусан, кейинги тўрт йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 300 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилди. Ҳудудлардаги 32 минг гектар ерда интенсив боғлар, 15 минг гектарда токзорлар, 2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Бундан ташқари, эндиликда 114 минг гектарда сабзавот ва картошка, 72 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 52 минг гектарда озуқа экинлари етиштирилмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун мутлақо янги тизим бўлган кластерларни кенг жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан териб олингани бу тизимнинг қанчалик самарали эканини амалда исботламоқда. Шу сабабли, кейинги йилдан бошлаб пахта етиштиришни 100 фоиз кластер усулига ўтказишга қарор қилинди. Шунинг баробарида, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва пиллачилик кластерларини ташкил қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, Президентимизнинг таъбири билан айтганда, иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан биридир. Уни янада сердаромад соҳага айлантириш, натижасидан халқимиз янада кўпроқ баҳраманд бўлишини таъминлаш давр талабидир. Шу туфайли тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Бу борада қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси қабул қилингани, мазкур ҳужжат мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида мутлақо янги даврни бошлаб беришини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш кўзда тутилган, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерлар ўзлаштирилади. Пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади.
Мухтасар қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар соҳани иқтисодиётимизнинг сердаромад тармоқларидан бирига айлантиришга, ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлигига хизмат қилади. 2020 йилда ҳам деҳқонларимиз, соҳа заҳматкашлари қишлоқ хўжалигида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга ҳаракат қилади. Бунинг учун жойларда кенг имкониятлар яратилган.
Нигора ХЎЖАЕВА,Ўзбекистон РеспубликасиҚишлоқ хўжалиги вазиринингахборот сиёсати масалалари бўйичамаслаҳатчиси – матбуот котиби.

ЎзА

Comments are closed.