«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Нуржан ШАЙЛДАБЕКОВА: Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортмоқда

Парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан ШАЙЛДАБЕКОВА ЎзА мухбирига интервью берди:
– Биз Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонда бўладиган сайловларни мониторинг қилиш ва кузатиш мақсадида келдик. Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларга қардош республика сифатида бефарқ эмасмиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Парламент сайловларига пухта тайёргарлик кўрилганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Сайлов қонунчилигида ҳам бир қатор ўзгаришлар сезилмоқда. Бу йилги сайловларга янги Сайлов кодекси асосида демократик тамойилларга хос тайёргарлик кўрилгани халқаро нормалар ва стандартларга тўла мос келади. Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг шакллантирилгани ҳам эътиборга молик жиҳатлардан бири. Умид қиламизки, мамлакатингиздаги ҳар бир фуқаро сайлаш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиб, Ўзбекистон келажаги учун ўз ҳиссасини қўшади.
Халқаро ҳамжамиятнинг ҳам Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортмоқда. Бу ҳақда хорижий мамлакатлар вакиллари ҳам ўзаро суҳбатларда таъкидлашмоқда. Биз бундан жуда хурсандмиз.
Парламент сайловларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ролини алоҳида таъкидламоқчиман. 
Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан доимий ҳамкорлик қилиб келамиз, маслаҳатлашамиз, тажриба алмашамиз. Ўйлаймизки, бу ҳамкорлик сайлов жараёнлари, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Comments are closed.