«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Энди солиқчилар солиқ тўловчилар эшигини тақиллатмайди. Нега?

2020 йил 1 январдан мораторий бекор қилиниши билан бир вақтда, барча жойда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш учун хавфни таҳлил қилишнинг ноёб тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизим мустақил равишда ташқи аралашувларсиз, тадбиркорлар фаолиятини таҳлил қилиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини баҳолаш имконини беради.
Эндиликда солиқ органлари масъул ходимлари ўзбошимчалик билан кимни текшириш ва қайси турдаги текширишни қўллаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмаслар: ушбу жараёнларнинг барчаси инсон омилидан холи бўлган автоматлаштирилган тизим бажаради.
Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитасида ўтказилган “Ҳалоллик ва шаффофлик – солиқ тўловчилар ишончининг гарови” мавзусидаги матбуот анжуманида қайд этилди.

1.jpg

– Хавфларни таҳлил қилиш дастури асосида амалдаги барча хўжалик юритувчи субъектлар маълум мезонлар асосида автоматик равишда 3 сегментга – яшил, сариқ ва қизил йўлакларга бўлинади, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори Акмал Назаров. – 2020 йил 1 январдан бошлаб онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса аппаратлари босқичма-босқич жорий этилади.
Бу савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларни янада шаффоф ҳолга келтириш, яширин нақд пул айланишини қисқартириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга.
2020 йил 1 январдан бошлаб алкогол ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар, автомобиллар учун бензин, дизель ёқилғиси ва табиий газ сотиш билан шуғулланадиган тадбиркорлар ўтказилади. 2022 йил январигача эса барча тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналари тизимига ўтиши режалаштирилган.
2020 йилдаги яна бир муҳим янгилик, 1 январдан бошлаб ўзаро ҳисоб-китоблар тизимига электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тартибда жорий этилади. Бу бир қатор афзалликларга эга бўлиб, ҳужжатлар алмашинуви жуда қулай ва хавфсиз бўлади. Солиққа тортиш ва ҳисоботлар жараёни шаффоф тарзда амалга оширилади.
Юқорида келтирилган янгиликлар туфайли қўлда тўлдириладиган касса китоблари, солиқ органлари томонидан кассалардаги мавжуд бўлган нақд пулларни текшириш юзасидан хронометраж ўтказиш ва бошқа кўпгина жараёнлар тарихга айланмоқда.
Савдо-сотиқ амалиётлари тўғрисидаги барча маълумотлар энди солиқ органларига онлайн тарзда юборилади, бу ҳам бизнес вакилларининг, ҳам солиқ органларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлайди.

13.jpg

Эндиликда солиқ мажбуриятларини бажариш учун солиқ органларига ташриф буюришга ҳожат қолмади. Ҳозирда буларнинг барчасини уйдан туриб солиқ органларининг Электрон давлат хизматлари портали my.soliq.uz ёки электрон тизимлар (PayMe, Click ва бошқалар) орқали амалга ошириш мумкин.
Яна бир гап. Янги йилдан бошлаб, солиқ органлари солиқ тўловчилар эшигини тақиллатиб бормайди. Сабаби, солиқ хизмати органлари очиқлик, адолатлилик ва шаффофлик тамойилларига асосланган электрон хизматлар кўрсатиш даврига қадам қўймоқда. Шу боис солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали коррупциянинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда яна бир қатор ўзгаришлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Сайёра ШОЕВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА

Comments are closed.