«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан Франция тажрибаси ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф-5464-сонли “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижроси юзасидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Францияга хизмат сафари ташкил этилди.
3 кун давомида Франция Республикаси Адлия вазирлиги, Париж Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институти, Континентал ҳуқуқни ўрганиш институти, Кассация суди ҳамда Судьялар ва прокурорлар тайёрлаш миллий мактаби ҳамда бошқа ташкилотларда Фуқаролик кодексининг умумий қоидалари, мажбурият ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқ, юридик шахслар, қимматли қоғозлар, халқаро хусусий ҳуқуқ, оила ва мерос ҳуқуқи, интеллектуал мулк ҳуқуқи йўналишлари билан боғлиқ муҳокамалар ташкил этилди.
Жумладан, ташрифнинг биринчи куни Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институтида Франциянинг таниқли цивилисти профессор Бенедикте Фаурак-Коссон, Европа қимматли қоғозлар бозори органининг масъул ходими Луи Суайр, хусусий ҳуқуқ ва қимматли қоғозлар бўйича профессор Антуан Тузаин, шартнома ҳуқуқи бўйича эксперт Максим Кормьелар билан савол-жавоб шаклида ўтган давра суҳбатида Франция фуқаролик қонунчилиги бўйича тажрибаси ўрганилди. 
Ташрифнинг иккинчи кунининг биринчи ярмида Франция Адлия вазирлигининг фуқаролик ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Монсиер Жан-Франкотс де Монтгольфиер, Мажбурият ҳуқуқи бўлим бошлиғи Клотильда Беллино, фуқаролик процесси ва арбитраж бўйича эксперт Леа Галиардлар иштирокидаги учрашувда Франциянинг Фуқаролик кодекси қабул қилинган (1804 йил)дан бери олиб борилган фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш босқичлари ўрганилди. Хусусан, 2016 йилда Франция Фуқаролик кодексига киритилган ўзгаришлар натижалари таҳлил қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Континентал ҳуқуқни ўрганиш институтида тадбиркорлик ва хусусий ҳуқуқ соҳасидаги мутахассис профессор Ромен Боффа ҳамда институт директори Анн-Шарлотта Грос иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Институтга ташриф буюрган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан юридик шахслар, интеллектуал мулк, шартнома ҳуқуқи бўйича Франция тажрибаси батафсил ўрганилди.
Ташрифнинг сўнгги кунининг биринчи ярмида Франциянинг Кассация судида Патрик Матет ва Сильвен Пойллот-Перуззеттолар иштирокидаги учрашувда фуқаролик ишлари бўйича Кассация судининг ўрни ва амалиёти ҳақида Франция тажрибаси ўрганилди.
Ташриф чоғида барча ташкилотларга, экспертларга 2020 йил 23-25 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Таshkent Law Sring” II Халқаро юридик форуми ҳақида маълумот берилди.
Ташриф Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

ЎзА

Comments are closed.