«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ўзбекистонда миллий антиплагиат портал жорий этилади

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Тошкент молия институтининг мажлислар залида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббусига кўра Польшанинг “Plagiat. Pl” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббоев қатнашди. Шунингдек, олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларидан 60 нафардан ортиқ республиканинг илмий салоҳиятини оширишдан манфаатдор бўлган вакиллар иштирок этди дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.

photo5445315355443571795.jpg

Маърузачилар ушбу компаниянинг Польша ва Европа Иттифоқидаги илм-фан ва таълимдаги кўчирмачиликнинг олдини олиш бўйича тажрибаси ва фаолияти, университетлар учун амалий мисоллар билан таклиф этилаётган комплекс ечимлар тўғрисида тақдимот ўтказишди. Ушбу тадбирнинг аҳамияти айниқса, ёш тадқиқотчилар учун беқиёс бўлди, улар илмий мақолаларни нашр эттиришда антиплагиат тизимларидан фойдаланиш тартиби, шартлари, афзалликлари ва аҳамияти билан танишдилар.

Тадбирда, шунингдек, Республикадаги мавжуд илмий нашрлар рейтингини дунё миқёсида ошириш ва Scopus базасига кириш мақсадида “Plagiat.Pl” компанияси билан ҳамкорлик қилаётган “Гелиотехника” халқаро илмий-техник журналининг тажрибаси ҳам намойиш этилди. Учрашувда антиплагиат тизимларини олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида жорий этиш, Ўзбекистонда давлат тилидаги илмий нашрларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш лозимлиги масаласи кўтарилди ва бу мавзу қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

photo5445140060648352950.jpg

Учрашув натижаларига кўра рефератлар, мақолалар, диссертацияларнинг ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш ҳамда илмий журналларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини баҳолашни амалга ошириш мақсадида республикада чоп этилувчи илмий журналлар матнларини ўзида жамлаган веб-портал яратиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди. Бу юртимиз илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва таълим соҳасида плагиатга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосини ташкил этиш, академик ва олий таълим тизимида кўчирмачиликка қарши курашишни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

photo5445140060648352945.jpg

Жаҳонда мавжуд илмий нашрлар базалари талаблари асосида илмий нашрларнинг асллиги, ҳақиқийлигини аниқловчи “Антиплагиат тизими”ни жорий қилиш ва илмий мақолаларга ҳаволалар кўрсаткичини ўзида акс эттирувчи “Ягона миллий ҳаволалар кўрсаткичи”ни шакллантириш масалалари бўйича келишувга эришилди. Бу ўз навбатида, илмий фаолият билан шуғулланувчи тадқиқотчилар, олимларнинг Хирш ва РИНЦ бўйича кўрсаткичларининг ошишига, мамлакатимизнинг илм-фаннинг турли соҳаларида дунё миқёсидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

ЎзА

Comments are closed.