«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони тайинлаш бекор қилинади

Ўзбекистонда туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлаш бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурида айтилган.

Қайд этилишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Алламжонов), Адлия вазирлиги (Давлетов) 2020 йил майга қадар таҳлилий маълумотлар, таклифлар ишлаб чиқади.

Шунингдек, ОАВнинг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари)дан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, журналистларнинг ўз касбий фаолиятига оид мажбуриятларини белгилашни назарда тутувчи “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларда жамоатчилик, хусусан ОАВ билан алоқаларни янги босқичга кўтариш чораларини кўриш ҳам мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан улар муассисликларидаги газета ва журналларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, улардаги таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларнинг манбаларини аниқлаш, шунингдек, мазкур босма нашрларнинг веб-сайт шаклини яратиш масаласини ҳал этиш кўзда тутилган.

Manba: kun.uz

Comments are closed.