«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ўқувчилар ўртасида ҳарбий амалий кўпкураш мусобақаси ўтказилди

Навоий шаҳрида коллеж ўқувчилари ўртасида ҳарбий амалий кўпкураш бўйича спорт мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда мадҳияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мусобақада давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди. Мусобақа аввалида Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан ўзига хос мусобақа ташкил этилиб, иштирокчиларнинг Бош қомусимизга оид ҳуқуқий саводхонлиги синовдан ўтказилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Навоий автомобил ўқув спорт техника клуби томонидан шаҳар кончилик коллежи билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада коллеж ўқувчиларидан иборат 7 жамоа арқон тортиш, турникда тортиниш, арқонда сакраш, баскетбол тўпини улоқтириш ва пневматик милтиқдан ўқ отиш каби спорт турлари бўйича ўзаро куч синашди.
– Ёшлар, жумладан, ўқувчиларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим муассасамизда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида рассомчилик, тикувчилик, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги ва спорт йўналиши бўйича мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар, кўргазма ва спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда, – дейди Навоий шаҳар кончилик коллежи директори У.Сатторов. – Мазкур спорт тадбири ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт турларига жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларида тўғри ҳаракат қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мусобақада жамоаларнинг барча спорт турлари бўйича эришган натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни 2-босқич ўқувчиларидан иборат “31-ТМП” жамоаси қўлга киритди.
2-ўринга яна бир иккинчи босқич ўқувчилари – “31-ТБ” жамоаси сазовор бўлган бўлса, 3-ўрин “31-СВ” жамоасига насиб этди.
Мусобақа доирасида шунингдек, иштирокчиларга “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилиб, ташкилотнинг спорт тўгаракларига таклиф этилди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА

Comments are closed.