«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Халқаро эксперт: «Суд репортажларини тайёрлаш бошқаларга сабоқ бўлади»

Бухорои шариф ҳақида сўз кетса, уни тарихий шаҳар, деб айтишга ўрганиб қолганмиз. Бироқ бугунги Бухоро қадимийлигини сақлаган ҳолда замонавийлашаётган мўъжизавий маконга айланган.
Тарихий обидалар салобати инсонга руҳ бағишласа, замонавий бинолар виқори халқнинг бугунги куч-қудрати рамзидек ғурурлантиради. 
Бухорога келаётган сайёҳлар ва меҳмонлар жаҳон стандартларига жавоб берадиган меҳмонхоналарга жойлашиб, кейин асрлардан сўзловчи тарихий обидаларни кўришга ошиқади. Яшаш учун ҳам, саёҳат қилиш учун ҳам юқори даражали сервис хизматлари йўлга қўйилган.Айнан шу ҳақда хорижлик меҳмонлардан кўплаб илиқ фикрлар эшитдик. Ҳамроҳларимиздан бири Нидерландиянинг Гаага шаҳрилик Андреис Байма (“Global media creators” компанияси вакили) «Ўзбекистон деб эшитганимда бу мамлакат ҳақида билмаганим учун қандайдир қоронғиликни ҳис қилгандим, аммо Самарқанд ва Бухорони кўриб, ёруғликдан кўзим қамашди, – дейди. – Фақат қадимий обидаларнинг мафтункорлиги эмас, балки ободлик, одамларнинг ёруғ чеҳралари ҳам қалбимни жуда ёриштирди. Бир неча суд биноларини кўздан кечирдик. Жуда замонавий экан. Ўзбекистон ҳақида, унинг суд тизими ҳақида ажойиб фильм яратамиз.
“Global media creators” компанияси продюсери Шерон Рейес эса суд жараёнида илк бор Ўзбекистонда қатнашганини айтди. Суд репортажларини тайёрлаш бошқаларга сабоқ бўлиши нуқтаи назаридан жуда муҳим. Қолаверса, очиқлик, бу – одил судловдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик“ қўшма лойиҳаси доирасида Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари судларига уюштирилган пресс-тур давомида бундай фикрлар кўп бор таъкидланди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Бухоро ва Ромитан туманлари судларини ҳам кўздан кечирди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани суди янги бинода фаолият бошлаганига кўп бўлмаган. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш, суд мажлисларини олиб бориш учун барча имконият яратилган. Электрон воситалар ҳам кенг жорий этилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди раиси Қодирберган Яхшимуродов билан суҳбатда бўлдик. Унинг айтишича, жиноят судларида кўрилаётган ишлар сони йил сайин камайиб бормоқда. Бунда судьяларнинг халқ билан мулоқоти йўлга қўйилгани, сайёр суд амалиётлари муҳим ўрин тутмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди биноси ҳам мўъжаз ва кўркам “ақлли уй“ни эслатади.
– “Е-SUD” миллий электрон тизими орқали фуқаролар даъво аризалари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини тўғридан-тўғри интернет тармоғи орқали кўришлари мумкин, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг раиси Дониёр Эшчонов. – Бундан ташқари, тизим орқали судга электрон шаклда даъво ариза киритиш имконияти ҳам мавжуд. Қонуний кучга кирган суд қарорларини ижрога қаратиш ҳам шу тизим орқали амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 мингдан зиёд иш кўриб чиқилган бўлса, аксарияти электрон тарзда ҳал этилди. 
Мақсад ўша-ўша – одамларнинг мушкулини осон қилиш, адолатли қарорлар қабул қилишдир.
241Норгул Абдураимова, ЎзА

Comments are closed.