«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Осиё ва Европа ўртасидаги қитъалараро савдо юкларининг 90 фоизи денгиз орқали ташилмоқда

«Тараққиёт стратегияси» марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ва Конрад Аденауэр жамғармасининг (Германия) Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Хорижий инвестициялар ва транспорт логистикасини ривожлантириш – иқтисодиётни ривожлантириш омили сифатида» мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинарда асосий эътибор Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб этиш, эркин иқтисодий зоналарда инвестицион ҳамкорликни жадаллаштириш, Марказий Осиёда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришнинг долзарб масалаларига қаратилди.
Таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда тадбиркорлик йўлидаги ортиқча чекловларни бартараф қилиш, улар фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувини қатъий чеклаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган ер ажратиш амалиёти тубдан ислоҳ қилиниб, бу жараён эндиликда ер ажратиш электрон тизими орқали амалга оширилмоқда. 2020 йил 1 январдан бошлаб эса ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига ўтказилмоқда. Бу ўзгариш ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадамлардан биридир. Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларга амал қилмаган мансабдор шахсларга нисбатан, улар қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар, жавобгарлик кучайтирилди.
Келгусида яна Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини ноқонуний чеклаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, унга тадбиркор манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш, ҳокимларнинг ер бериш ҳақидаги қарорларини тегишли сайтларда эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Анжуманда Марказий Осиё экспертларининг «Марказий Осиёда транспорт йўлакларини ривожлантириш ва «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг самараси» мавзуидаги қўшма тадқиқот натижалари тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган транспорт-логистика соҳаси Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантиришда муҳим ва долзарб ўринга эга. Зеро, минтақа орқали йирик халқаро бозорларни бир-бири билан боғлайдиган энг қисқа йўналишлар мавжуд. Минтақанинг транспорт-транзит салоҳияти унинг геостратегик ҳолати – Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк вазифасини ўтаган «Буюк ипак йўли» маркази орқали белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Марказий Осиёга йирик денгиз портлари ва жаҳон бозорлари билан боғланиш имконини бериш устувор вазифа эканини эътироф этган эди.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари олдида турган муҳим масалалардан бири уларнинг ҳудуди орқали товарларни ташиш учун шарт-шароитларни шакллантиришдан иборат.
Транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва логистика хизматларини яратиш бўйича ҳаракатлар товарларни ташиш тезлиги ва камхаражатлилик денгиз транспорти билан бемалол рақобатлашиш имконини бериши зарур. 2020 йилда Осиё билан Европа ўртасидаги барча юклар автомобиль ва темир йўл орқали амалга оширилиши ва бу кўрсаткич 1-2 фоиздан 10 фоизгачани ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Экспертларнинг фикрича, бугунги кунда Осиё ва Европа ўртасидаги қитъалараро савдо юкларининг 90 фоизи денгиз орқали ташилмоқда. Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ривожланаётган давлатлар экспорт даромадларининг тахминан 18 фоизини транспорт хизматлари учун сарф қилади, ривожланган давлатларда эса бу қиймат 9 фоизни ташкил қилади.
БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (ЮНКТАД) мутахассисларининг маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари кўпинча импорт қилинадиган товарлар қийматининг 60 фоизигача етади.
Бу эса сўнгги пайтларда Марказий Осиё минтақаси давлатлари халқаро аҳамиятга молик бўлган транспорт имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини жадаллаштиришга туртки бермоқда.
Минтақа давлатлари ўзининг сиёсий, иқтисодий ва бошқа вазифаларини амалга оширишга тўлақонли кўмак бера оладиган транспорт тизимини шакллантиришга интилмоқда. Бундан ташқари, бошқа мамлакатларнинг шу каби коммуникациялари билан уйғун ҳолдаги интеграциялашган кенг қамровли транспорт тармоғи халқаро, шунингдек, транзит юкларини ташиш имконини беради. Бу эса бюджетга тушумлар базасини кенгайтириш учун қўшимча имконият демакдир.
Семинар якунида Марказий Осиёда транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Comments are closed.