«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ОЛТИН ДАВРНИНГ ШУКУҲЛИ ЛАҲЗАЛАРИ

17 ноябрь — Халқаро талабалар куни

Талабалик — инсон ҳаётининг олтин даври, дейдилар. Чунки шу паллада олинган билим, эгалланган марра кишининг умр йўлини белгилайди. Зеро, ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир, деган ҳикмат асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмай келаётгани ҳам бежиз эмас. 

Ёшларга келажакни белгиловчи куч сифатида баҳо берилса, талабалар шу кучнинг муҳим бўғинидир. Шу боис ҳар йилнинг 17 ноябрь санаси Талабалар куни сифатида халқаро миқёсда кенг нишонланиб, турли маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиладики, ёшлар фақат ўқиб-изланишдан ортиб кўнгил ёзишади шу кунда.

Аслида ушбу сана, маълумотларга кўра, 1946 йилда Прагада ўтган Жаҳон талабалар конгрессида тасдиқланган. Ҳозир бу кун ёшлик, хушчақчақлик байрами сифатида нишонланса-да, унинг тарихи фожиали воқеаларга боғлиқ. 1939 йил 28 октябрда Прагада таълим байрамини нишонлашга чиққан талабалар ва ўқитувчилар фашистлар томонидан тарқатиб юборилиб, шу тўполонда тиббиёт факультети талабаси ҳалок бўлади. Бунга норозилик билдирган 1200 дан зиёд талаба эса ҳибсга олиниб, Заксенхаузен концлагерига ташланади. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушининг охиригача мамлакатдаги барча олий ўқув юртлари ёпилади. Шу воқеаларга асосланиб, Халқаро талабалар кунини ўтказиш белгиланади ва бугун дунёнинг кўплаб давлатларида кенг нишонланади.

Тўғри, тарихда бемалол ўқиб-ўрганишнинг имкони бўлмаган, талабалик — олтин давр ҳисобланмаган пайтлар ҳам бўлган. Бугун ҳаммаси ўзгарган. Биргина вилоятимиз мисолида олиб қарасак, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали фаолият кўрсатиб, уларда минглаб ўғил-қизларимиз ўз келажаклари учун тамал тоши қўймоқдалар.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида юқори малакали муҳандис-техник кадрларга эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб Президент таклифига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, талабаларнинг чуқур билим эгаллаши учун барча қулайликлар яратилган. Замонавий ўқитиш воситалари билан жиҳозланган кенг ва ёруғ аудиториялар, ўқув-лаборатория хоналари, лингафон ва компьютер синфлари, барча қулайликларга эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, талабалар ошхонаси, талабалар турар жойлари — ёшларнинг чуқур билим олишига, малакали мутахассис, жисмонан ва маънан соғлом шахслар сифатида шаклланишига замин яратади.

Филиалга жорий ўқув йилида 6 та бакалавриат таълим йўналишига Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардан ҳам келган жами 291 нафар ёш талабаликка қабул қилинган. Улар айни пайтда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, сув хўжалиги ва мелиорация, гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш, ер кадастри ва ердан фойдаланиш, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, геодезия ва геоинформатика таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.

— Янгидан ташкил қилинган ўқув муассасасининг илк талабалари сафида эканимдан мамнунман, — дейди бойсунлик Нодира Мамасаидова. — Сув хўжалиги ва мелиорация йўналишида ўқияпман. Албатта, жанубий минтақада суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Таҳсил давомида ўз мутахассислигим бўйича етук кадр бўлишга ҳаракат қиламан.

Comments are closed.