«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

«Миллий банк» ҳамкорлигида ишлаб чиқарилаётган гиламлар Европага етиб бормоқда

«Ургаз Карпет» МЧЖ фаолияти 2000 йилда бошланган эди. Гилам ишлаб чиқарадиган корхонада ўша вақтларда 35 киши ишларди ва ишлаб чиқариш ҳажми у қадар катта эмас эди. Кейин эса Миллий банк билан ҳамкорлик бошланди ва корхона фаолияти шундан буён юқорига кўтарилди. Ҳозир бу корхона 300 дан ортиқ ургутликларни иш билан таъминлаган.

Миллий банк «Ургаз Карпет»га ўтган 20 йил давомида турли кўринишда кредитлар тақдим этиб келди. Охирги марта бир ярим йил муқаддам 2,5 миллион евро кўринишида кредит берилган эди. Ушбу маблағ корхонани кенгайтиришга ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилди.

Корхона станоклари тўлиқ Европадан келтирилган. Германия, Австрия, Белгия ва Туркиядан келтирилган дастгоҳларда Европа даражасидаги сифатли гиламлар ишлаб чиқарилмоқда. «Ургаз Карпет» тайёрлаган маҳсулотлар ён қўшниларимиз Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ташқари яна Озарбайжон, Латвия ва Россияга ҳам экспорт қилинади. Ўтган йили 7,8 миллион долларлик гилам хорижга сотилди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич яна-да оширилиши кутиляпти.Бир-биридан чиройли гиламларни томоша қилар экансиз, дизайнерлар маҳоратига ҳам қойил қоласиз. Дарвоқе, «Ургаз Карпет» МЧЖда 30 нафар дизайнер ишлайди ва уларнинг барчаси ургутлик ёшлардан.

«Ургаз Карпет» ва Миллий банк ҳамкорлиги давом этади.

Manba: Xabar.uz

Comments are closed.