«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

5G ва тезкор интернет: «Ўзбектелеком»да қандай янгиликлар бор? (видео)

Аввал хабар берганимиздек, 25-27 сентябрь кунлари Тошкентда анъанавий ICTEXPO 2019 кўргазмаси бўлиб ўтди. 

ICTEXPO 2019да мамлакатимиз компаниялари билан бир қаторда хориж компаниялари ҳам ўз хизмат ва технологияларини тақдим этди.

АКТ ҳафталигининг бош техник ҳамкори — «Ўзбектелеком» АК энг йирик стенди билан ҳам кўргазмага келувчиларнинг ёдида қолди. Улкан стендда компания  ҳамда филиалларининг инновацион хизматлари, оддий фойдаланувчидан тортиб корпоратив мижозлар учун фойдали акциялари ва бонуслари намойиш этилди.

Бешинчи авлод алоқа технологиялари бу йилги кўргазманинг бош мавзуларидан бирига айланди. Хусусан, «Ўзбектелеком» АК «ЎзМобайл» филиали ҳам яқинда ўз 5G-тармоғини синовдан ўтказишни бошлаганди.

— 5G стандартидаги мобил алоқа — «Ўзбектелеком» АК стендининг бу йилги бош мавзуси, — деди «ЎзМобайл» филиали тармоқларни ривожлантириш хизмати раҳбари Эркин Ҳайдаров. — Стендимизга келувчилар махсус терминаллар орқали «ЎзМобайл» филиалининг 5G стандартидаги 1 Гбит/сониядан юқори тезликка эга тармоғи имкониятларини синаб кўришди.

«ЎзМобайл» бир пайтнинг ўзида ҳам CDMA, ҳам GSM стандартида хизматлар кўрсатувчи Ўзбекитон бозоридаги энг ёш GSM мобил алоқа операторидир. Филиал GSM тармоғини 2015 йилдан бери қуриб келяпти ва ҳозирги кунда бу турдаги жами 9,5 мингдан ортиқ база станцияларини ишлатмоқда. 2019 йилнинг ўзида 3,5 мингдан ортиқ база станциялари ишга туширилди, йил охиригача жами кўрсаткични 11 минг база станциясига, Ўзбекистонни оператор сигналлари билан қоплаш даражасини 90 фоиздан ошириш режалаштирилган.

Юқоридаги видеорепортажда «Ўзбектелеком» АК мутахассислари компаниянинг мобил алоқа ва интернет хизматлари борасида амалга ошираётган энг сўнгги янгиликлари ҳақида батафсил маълумот беришган.

manba: xabar.uz

Comments are closed.