«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Ливерпуль»да яна жиддий рақиб, Испанияда «Реал» ва «Барса»сиз тур. Ҳафта ўйинлари анонси

Кеча «Лестер»нинг сафардаги рақиб дарвозасига жавобсиз тўққиз гол уриши билан навбатдаги уикенд ҳам бошланди. Эътиборингизга шанба-якшанба кунларини футбол томоша қилиш билан ўтказмоқчи бўлганлар учун қўлланмани тақдим қиламиз.

ШАЛЬКЕ — БОРУССИЯ Д (26 октябрь, 18:30)

Бундеслига деганда, асосан, «Бавария»нинг гегемонлиги ва баъзида унга қаршилик қилувчи жамоалар тушунилади. Аммо у ерда ҳам ўзига хос тарихий тўқнашувлар борки, Германия бундай ўйинларни эътиборсиз қолдирмайди. Шундай ўйинлардан бири Рур дербисидир. Салкам юз йиллик тарихга эга бўлган бу дербининг қаҳрамонлари эса, Гилзенкирхеннинг «Шальке» ва Дортмунднинг «Боруссия» клубларидир.

Бугун Германия чемпионати шу қадар қизиқарли кечмоқдаки, жадвалнинг юқори қисмидаги жамоалар иштирокидаги ҳар қандай учрашув турнир жадвалида пешқадамни аниқлаб бериши мумкин. Тасаввур қилинг, 9-ўринда «Байер» ва 1-ўринда бораётган Менхенгладбахнинг «Боруссия» клублари ўртасидаги фарқ атиги 2 очкони ташкил қилмоқда, холос. Рур дербиси иштирокчилари ҳам мана шу ўртада жойлашган — «Шальке»да худди «Байер»да бўлгани каби 14 очко бўлса, дортмундликлар 15 очко билан тўртинчи ўринни банд этган.

«Шальке» турнир жадвалида юқори ўринларга даъвогарлик қилаётган бўлса-да, октябрь ойини ёмон ўтказди ва икки ўйинда атиги 1 очко олди, холос. Сентябрда эса, жамоа уч ўйинни ғалаба билан якунлаб, жами рақиблар дарвозасини 10 марта аниқ ишғол қилганди. «Боруссия» Бундеслигада август ойидан бери мағлубиятга учрамаган бўлса-да, жуда кўп ўйинларни дуранг билан якунлаяпти. Сўнгги 4 ўйиннинг 3тасида бир хил — 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ачинарлиси, бу ўйинларнинг барчасида «Боруссия» ҳисобда олдинда борган ҳам эди. Бу паллада табиийки, айнан икки йил олдинги Рур дербиси эсга тушади. Ўшанда дортмундликлар биринчи бўлимни 4:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишган, лекин танаффусдан кейин, меҳмонлар 4 гол уриб, ҳисобни тенглаштиришганди. Бу ўйин дерби тарихидаги энг кўп гол урилган дуранг ҳисобланади. Ўтган мавсумдаги ҳар икки учрашувда меҳмон бўлган жамоа ғалаба қозонишга муваффақ бўлганди.

Таркибларга келсак, ҳар икки жамоада жароҳатланганлар деярли йўқ, фақат «Шальке»дан Нобил Бенталебни тилга олсак бўлади. Лекин, Фавр шогирдлари ҳафта ўртасида «Интер»га қарши сафар учрашувида майдонга тушгани учун, балки спорт формаси тарафидан «Шальке»нинг имконияти яхшироқ кўриниши мумкин.

АТЛЕТИКО — АТЛЕТИК (26 октябрь, 23:55)

Бу ҳафта Ла Лига ишқибозлари учун ўзига хос бўлиши керак эди. Чунки барча эътибор Эл Класикога қаратилиши, ҳатто Испания чемпионатига кузатмайдиган мухлисларни ҳам жалб қила оладиган учрашув кутиб турганди. Аммо баъзи сабабларга кўра, бу ўйин бошқа кунга қолдирилди. Турнир пешқадамлари майдонга тушмайдиган турда эса, «Атлетико» ўз ўйинини ютиб, яна шоҳсупага вақтинча бўлса ҳам, қайтиш, яъни очколар бўйича «Барселона»га етиб олиш имкониятига эга. Бунинг учун эса, Симеоне жамоаси Испания чемпионатидаги дуранглар гирдобидан чиқиши лозим. Зеро мадридликлар бу турнирда охирги марта бир ой олдин уч очколик бўлишган, кейинги уч ўйин дуранг билан якунланганди. Умуман олганда, «Атлетико»нинг мағлубиятсиз серияси ҳам бор — 8 ўйин. Аммо ғалабалар асосан Чемпионлар Лигасида қўлга киритиляпти, холос.

«Атлетик»нинг мавсумни қандай бошлагани ҳамманинг эсида. «Барселона» билан ўйинда уч очкони қўлга киритган басклар бир муддат турнир жадвалида ҳам пешқадамлар сафида борганди. Аммо худди «адаши» сингари бильбаоликлар ҳам октябрни ёмон ўтказишди — жамоа тўрт ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти. «Атлетик»нинг бугунги ҳолатини ғирт ўртамиёна деб баҳолаш мумкин: тепадан учинчи ва пастдан учинчи жамоаларга нисбатан ҳам «Атлетик» 4 очколик масофада жойлашган холос. Яъни кейинги ўйинлар жуда муҳим, «Атлетик»нинг мавсумда қандай мақсадлар билан ўйнашини аниқлаб ҳам беради.

Жамоаларнинг спорт формасига қарасак, «Атлетико»да вазият қийинроқ. Биринчидан, мадридликлар ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида қийин ўйинда майдонга тушишди. Иккинчидан эса, ҳужум чизиғидаги асосий куч ҳисобланадиган Жоао Фелиш жароҳатланди. Усиз шундоқ ҳам муаммоларга дуч келаётган ҳужум чизиғи катта йўқотишга учраши аниқ. Шунингдек, ҳимоя чизиғидаги Савич ва Хименеснинг сафга қайтиш муддатлари келгани йўқ. Меҳмонлар сафида фақат Горка Гурусетада жароҳат бор.

ЛИВЕРПУЛЬ — ТОТТЕНҲЭМ (27 октябрь, 21:30)

Ўтган мавсумнинг финалчилари ўртасидаги тўқнашув, гўёки Европанинг энг кучли икки жамоаси ўртасидаги баҳс сифатида баҳоланиши керакдек, аммо бугунги кунда жамоалар турли ўлчамларда экани мезбонларнинг имкониятини оширади. «Ливерпуль» ўтган мавсум охиридаги юришини давом эттирмоқда ва илк марта фақат ўтган турда, «Олд Траффорд»да очко йўқотди. Аслини олганда, АПЛдаги ўйинларни олсак, «Тоттенҳэм» ҳам барқарор — 2019 йилнинг бошидан оладиган бўлсак, очко тўплаш бўйича «Тоттенҳэм» Топ-6даги энг охирги жамоадир. Фақатгина «Манчестер Юнайтед»нинг янада ёмонроқ натижаси эътиборни «Тоттенҳэм»дан чалғитиб турибди, аммо чуқурроқ қарасак, лондонликлар трансфер бозорида фаолроқ бўлишган, таркибни сақлаб қолган ҳолда бир қатор иқтидорли футболчиларни ўз сафларига қўшиб олишганди.

Аммо ҳафта ўртасида ЕЧЛда майдонга тушган Почеттино жамоаси уч ўйиндан иборат ғалабасиз серияга барҳам берди, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Ҳарри Кейн ҳет-трик қилди. Ажаб эмас, айнан ўша ўйин «Тоттенҳэм» учун бурилиш нуқта сифатида хизмат қилса. Аммо «Ливерпуль»да ҳам ҳаммаси жойида эканини, улар ҳам куни кеча еврокубок ўйинини йирик ҳисобдаги ғалаба билан тугатганини эътибордан қочирмаслик керак. Шунингдек, Клопп жамоасида янги қурол пайдо бўлмоқда — Окслейд Чемберлейн. У аслида анча аввалдан «Ливерпуль»нинг ҳақиқий мотори бўлиши керак бўлган, аммо оғир жароҳат туфайли бутун мавсумни ўтказиб юборганди. Унинг ЕЧЛ ўйинида кўрсатган перформанси «Ливерпуль» марказида янги куч пайдо бўлаётганини билдиради. Умуман, ёзда трансферлар бозорида у қадар фаол бўлмаган Клопп бироз ҳазил билан Окслейднинг сафга қайтиши энг фойдали трансферлардан бири, деб ҳам айтиб ўтганди.

Таркиблар борасида, «Ливерпуль» сафида ҳамон Жоэл Матип тўлиқ тайёр эмас, балки унинг ўрнини Гомес ёки Ловрен ёпиши мумкин. Меҳмонлардан эса, дарвозабон Уго Льорис жароҳатлангач, лондонликлар собиқ дарвозабонлари Мишел Вормни қайтаришга мажбур бўлишди. Аммо бу ўйинда Ворм асосий таркибга қайтадими ёки сўнгги икки ўйиндаги каби Пауло Гассанига қўриқлайдими, номаълум.

Ўзаро ўйинларга келсак, сўнгги йилларда «Ливерпуль»нинг имконияти юқори бўлмоқда, жумладан, ўтган мавсумда ЕЧЛ финали билан бирга, ҳар уч ўйинда Клопп шогирдлари ғалаба қозонишди. Сўнгги марта «Тоттенҳэм» рақиби устидан роппа роса икки йил олдин 4:1 ҳисобида устун келганди. «Энфилд»да эса, меҳмонларнинг сўнгги ғалабаси 2011 йилда кузатилган.    

РОМА — МИЛАН (27 октябрь, 22:00)

«Милан» яна оғир аҳволда. Жамоа сўнгги беш ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонди. Янги мураббий Стефано Пиоли ҳам ҳали вазиятда бурилиш ясай олгани йўқ. Айниқса, «Лечче»га қарши сўнгги тур ўйини аламли бўлди — меҳмонлар ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда гол урди ва «Милан»ни яна ғалабадан қуруқ қолди. Қизиғи, худди шунга ўхшаш сценарий «Рома» билан ҳам рўй берди. Европа Лигасида Менхенгладбах жамоасига қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларигача ҳисобда олдинда борган римликлар ўз дарвозаларига пенальти олиб келишди — 1:1. Демак, бир хил кайфиятдаги икки омадсиз А Сериянинг марказий ўйинида орани очиқ қилади.

Умуман олганда, «Рома»нинг кичик инқирози ҳам «Милан»дан кам эмас. Жамоа сўнгги тўрт ўйинни дуранг билан якунлади. Олти ўйиндан бери биттадан ортиқ гол ура олмаяпти. А Серияда фақат бир марта уй учрашувида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди, холос. Турнир жадвалида Фонсека шогирдлари ЕЧЛ ўринларидан у қадар узоқ бўлмасалар-да, бу фарқ турдан турга ошиб бориши мумкин. Ҳатто «Кальяри» ҳам «Рома»дан тепароқда жойлашиб олган. Лекин бу ҳолатнинг «Милан» каби ғоявий эмас, объектив сабаблари ҳам бор, масалан, асосий таркибдаги жуда кўп футболчилар ҳозир жароҳатланган. Чингиз Ўндер, Брайан Кристанте, Никола Калинич, Девиде Заппакоста, Генрих Мхитарян, Лоренцо Пеллегрини каби футболчилар «Рома» ўйинини янада кучлироқ қилишлари шубҳасиз эди. Шунингдек, «Милан»га қарши ўйинда Жастин Клюверт ҳам дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. У «Сампдория»га қарши учрашувнинг 86-дақиқасида майдондан четлатилганди.

«Милан» сафида эса, Маттиа Кальдара тикланди ва машғулотларни бошлади. Бу ўйинда ҳам таркибда кўриниб қолиш эҳтимоли юқори.

ПСЖ — МАРСЕЛЬ 28 октябрга ўтар кечаси, 01:00)

Мавсумни бироз соддароқ таркибда бошлаган «ПСЖ» Мбаппе ва Неймар каби юлдузлар қайтгач, яна ўз режимига тушиб олди. Ўтган мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичининг энг сермаҳсул жамоаси бўлган парижликлар бу сафар ҳам ўша спорт формасига қайтишмоқда — барча мусобақаларда қаторасига беш ғалаба ва охирги уч ўйинда 13 гол. Айниқса, Мбаппенинг қайтишларини алоҳида эътироф қилиш керак. У ўтган турда Ниццада захирадан майдонга тушиб, гол+пасга имзо чеккан бўлса, ЕЧЛ ўйинида ҳам иккинчи бўлимдан ҳаракат қилди ва ҳет-трик муаллифи бўлди. Агар Европада ҳужум чизиғига кимларни тушириш ҳақида бош қотираётган биргина мураббий бўлса, у ҳам Томас Тухелдир.

Франция чемпионатида ҳам «ПСЖ» аллақачон 5 очколик фарқ билан пешқадамга айланиб олди. Кўп жиҳатдан парижликларга яқинроқ саналган «Лион», «Марсель» клублари ҳозирча ҳатто таъқибчи мақомида ҳам эмасликларини эътиборга олсак, бу йил «ПСЖ» янада эртароқ чемпионга айланиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам тақвимдаги ўйинлар ўйналиши шарт, акс ҳолда «Марсель» ҳам балки аввалдан ғалабани тортиқ қилиб юборишга тайёрдек.

Бошқача натижани кутиш қийин бўлса керак, зеро «Олимпик» сўнгги 10 йилда атиги 2 марта «ПСЖ» устидан ғалаба қозонган, бу ғалабалар ҳам, 2011 йилда рўй берган. Шундай бўлса-да, бу учрашувга тўхталаётганимизнинг сабаби, агар «Марсель» бўлмаса, яна ким билан ўйинда «ПСЖ»ни эслаймиз? Бундан ташқари, Ди Мария, Мбаппе, Икарди каби футболчиларнинг чиройли ўйинларини томоша қилишнинг ўзи бир завқдир.

Мезбонлар сафида Неймар, Дракслер ва Идрис Гайе каби футболчилар жароҳатлар туфайли Тухелга ёрдам бера олмайди. «Марсель» сафида бундай футболчилар камроқ, аммо биргина Флорьян Товеннинг йўқлиги олдинди чизиқда, ҳужум ташкил қилишда меҳмонларни чеклаб қўйиши турган гап.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

26 октябрь. МАНЧЕСТЕР СИТИ — Астон Вилла (16:30), Лечче — ЮВЕНТУС (18:00), БАВАРИЯ — Унион Берлин (18:30), ИНТЕР — Парма (21:00), Бёрнли — ЧЕЛСИ (21:30), ЛИОН — Метц (23:00)

27 октябрь СПАЛ — НАПОЛИ (19:00), АРСЕНАЛ — Кристал Пэлас (21:30), Норвич — МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (21:30), СЕВИЛЬЯ — Хетафе (22:30)

manba: Kun.uz

Comments are closed.