«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ТАЛАБАЛАР УЧУН МУНОСИБ ТУҲФА

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг замонвий, барча шароитларга эга  2-сонли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Янги ўқув йили олдидан янгича қиёфа касб этган мазкур 2-сонли талабалар турар жойида  самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2000 дан ортиқ ўқув, илмий ва бадиий асарлардан иборат кутубхона, интернет билан таъминланган ахборот-технологиялар маркази ва бино ҳовлисида талабалар спортнинг волейбол, стол тенниси, оғир ва енгил атлетика турлари билан шуғулланишлари учун барча зарур шароитларга эга спорт майдони ва спорт анжомлари шай.Қарши шаҳридаги М.Қошғарий кўчасида жойлашган ушбу 3-қаватли талабалар турар жойи 1974 йилда қурилган бўлиб, даставвал 108 нафар талабани бағрига олган. Давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланганидан сўнг турар жой яна 22 ўринга кенгайтирилди. Бугунги кунда 65 та хонада нефть ва газ ҳамда энергетика факультетларининг 130 нафар талабалари жойлашади. “Саноат уй-жой қурилиш сервис” МЧЖнинг қўли гул усталари томонидан замонавий ва шинам кўришга келтирилган бинода талабалар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, лойиҳа қиймати 4 миллиард 700,2 миллион сўмдан иборат. Турар жойнинг ҳар бир қаватида биттадан телевизор, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча қулайликларга эга дам олиш хоналари, биринчи ёрдам кўрсатиш учун барча зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт анжомларига эга тиббиёт хонаси талабалар хизматида. Ҳар бир қаватда иккитадан ошхона, ҳожатхона, ювиниш ва кир ювиш хоналари бор. Ошхоналарнинг ҳар бирида замонавий русумдаги 2-3 тадан (жами 16 та) газ плита, 1 тадан музлатгич ( жами 7 та) 10 та сув иситгич, 6 та кир ювиш машинаси, ошхона буюмларини сақлаш учун металл шкафлар ва унга ўхшаш кўпгина қулайликларга эга маиший техника воситалари билан таъминланган.

Шунингдек, турар-жой ҳовлисида ёзги ошхона, қўшимча ювиниш хонаси ва ҳожатхона ҳам мавжуд. Ногиронлиги бор талабалар учун ҳам қулайликларнинг яратилганлиги кишини янада қувонтиради. Бундан ташқари биринчи қаватда илмий учрашувлар учун пойтахтимиз ёки қўшни вилоятлардан ташриф буюрган профессор-ўқитувчиларни кутиб олиш учун меҳмонхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Меҳмонхона хоналари ҳам замон талабларига мос тарзда жиҳозланган.

Бекзод Назаров, teleradio.uz

Comments are closed.