«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ФИФА йилнинг энг яхшиларини тақдирлайди. Номзодлар эълон қилинди

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду, «Барселона» форварди Лионель Месси ва «Ливерпуль» ҳимоячиси Виржийл ван Дейк ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодларнинг якуний учталигига кирди.

«ФИФАнинг йил футболчиси» учун топшириладиган The Best мукофоти — 1991 йилдан буён ҳар йили топшириб келинаётган мукофот бўлиб, 2010 йилдан 2015 йилгача йилнинг энг яхши футболчиси учун «ФИФА Олтин тўпи» соврини топширилган, бу соврин «ФИФАнинг йил футболчиси» ва «Олтин тўп (France Football)» совринлари бирлашмаси эди. 2016 йилда ФИФА ва француз нашри ҳамкорликни тўхтатиб, мукофотларни яна алоҳида ҳолда топшира бошлади

ЕЧЛнинг ўтган мавсуми ғолиби бўлган «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп, қаторасига иккинчи мавсум Англия чемпиони бўлган «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиола ва «Тоттенҳэм» билан ЕЧЛнинг ўтган мавсумида финалга чиққан Маурисио Почеттино эса ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши мураббийи бўлишга номзодларнинг якуний учталигига кирган.

«ФИФАнинг йил мураббийи» — 2010 йилдан буён топшириб келинадиган мукофот. Мукофот ФИФА талқини бўйича ўтган мавсумнинг энг яхши мураббийи деб топилган мутахассисга берилади. Йилнинг энг яхшиси овоз бериш йўли орқали аниқланади.

Бу совринни биринчи бўлиб португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо қўлга киритган, ўшанда у «Интер»да ишларди. 2018 йилги соврин эса Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамга берилган.

Шунингдек, Алисон Бекер («Ливерпуль»), Эдерсон («Манчестер Сити») ва Андре тер Штеген («Барселона») ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши дарвозабони бўлишга номзодларнинг якуний учлигини ташкил этган.

Тақдирлаш маросими 23 сентябрь куни Миланда бўлиб ўтади.

Comments are closed.