«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

Касбида сайёр қабул: “25 МУРОЖААТНИНГ 18 ТАСИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ”

Касби туманида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Мурод Эшназаров, Касби тумани ҳокими Нормўмин Холбоев, вилоят ҳамда тумандаги тадбиркорликка дахлдор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда 25 нафар тадбиркор мурожаат қилди. Улар хусусан, ер ажратиш, банкдан кредит олиш, уй-жой ва коммунал соҳага оид бир қатор муаммоларни ўртага ташладилар.
Оқжангал қишлоғида яшовчи Абдурашид Раҳмонов қишлоғи ҳудудида мебель цехи очиш учун мурожаат қилганди.
-Мурожаатим ижобий якун топганидан жуда хурсандман,- дейди А. Раҳмонов. –Мутахассислар менга ер ажратиб бериш бўйича зарур тушунчаларни беришди. Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда мебель цехи очишим учун имкониятлар мавжудлигини ҳам айтиб ўтишди. Банк ходимлари мени қўллаб-қувватлашларини айтганида жуда қувониб кетдим. Насиб этса, тадбиркор бўлиб, халқимизга қўлимдан келганича хизмат қиламан.
Шунингдек, Дилшод Суюнов, Муҳиба Собирова, Нарзулла Ҳосилов, Алишер Ҳамидов, Ҳусниддин Шарипов ва Шерали Хўжабековлар мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилди.
Сайёр қабул шаффоф ва ҳаққоний тарзда ўтди ва унда мурожаат қилган 25 нафар тадбиркорнинг 18 нафари муаммоси жойида ҳал этилди. 7 та мурожаат бўйича тадбиркорлар ёзма равишда хабардор қилиниши тушунтирилди.

Comments are closed.