«KELAJAK INTERNET TELERADIOKOMPANIYASI»

ЙЎҚ ИШ СТАЖИНИ БОР ҚИЛАМАН ДЕБ…

Тамагирлик, нафсга қул бўлиш инсонни тубанликка етакловчи, манқуртга айлантириб қўювчи иллатдир. Бу иллат тузоғига тушганлар ўз чўнтагини қаппайтириш илинжида турли ноқонуний ишларга бош қўшишдан ҳам, ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилишдан ҳам тап тортишмайди. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Косон тумани бўлими мутахассиси В.Н. ҳам моддий манфаат илинжида жиноятга қўл урди. Гап шундаки, мазкур туманда яшовчи М.С. пенсияга чиқиш мақсадида зарур ҳужжатлар билан Пенсия жамғармаси Косон туман бўлими масъул мутахассиси В.Н.га мурожаат этади. В.Н. эса фуқарога тўлиқ пенсия олиш учун иш стажи етмаслигини тушунтириб, агар у айтган шартга рози бўлса, бу борада ёрдам беришини таклиф қилади. Шартга кўра, М.С. 200 минг сўм пул келтириб бериши, В.Н. эса бунинг эвазига унинг иш стажига яна 3 йиллик даврни қўшиб ёзиши лозим эди. Аммо ноқонуний ишга бош қўшишни истамаган М.С. бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилади. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда Косон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда В.Н. фуқаро М.С.дан 200 минг сўм пулни олган вақтида қўлга олинди. Айни пайтда унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан қонуний жазо тайинланган. Манба: Қашқадарё газетаси

Comments are closed.