ТАШҚАРИДАГИ ТУШКУН БЕРДИЕВ бунга сабаб нима эди?

28-29-июн кунлари Супер Лигада 1-даврани якунлаб берувчи 13-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Тур доирасидаги “Насаф”-“Сурхон” баҳси Қаршидаги Марказий стадионда ўтказилди.
Ёш ва иқтидорли “аждарлар” тажрибали футболчилардан ташкил топган “Сурхон”нинг шу куни кўз очиргани қўймади. Бўлим ўрталарига келиб, “аждарлар” мураббийи Р.Бердиев мураббийлар штаби ўтирадиган жойдан туриб, майдонни тарк этгани кўпчиликни эътиборини тортди. Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Бу савол бутун стадионни, мухлисларни ўйлантирган савол бўлди ўша паллада.
Миш-мишлар яшин тезлигида тарқалди. Эмишки вип-сектордан Рўзиқул Бердиев шаънида танқидий сўзлар айтилган, дашном берганми, сўкканми… Бош мураббийнинг дили оғрийдиган даражада босим ўтказадиган одам ким – мансабдорми, масъул шахсми буниси бизга маълум эмас. Аммо шундан сўнг Р.Бердиевнинг кайфияти буткул тушиб кетди. Ҳартугул ҳамкасбларини сўзини ерга қолдирмай майдонга қайтди. Аммо қайтмагани яхши эди… Чунки энди унинг хаёллари бу ерда эмасди. Буни сезган стадион, ҳатто рақиб жамоа мухлислари ҳам “Рўзиқул, Рўзиқул!” деб бақириб, олқишлашди.
Sport.uz сайтида эса бу ҳолатда қуйидагича изоҳ берилган “Суперлиганинг 13-турида «Насаф» ўз майдонида «Сурхон»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Лекин ўша беллашувнинг биринчи бўлим ўрталарида Бердиев майдонни тарк этгани, бунга эса Қашқадарё вилояти ҳокимининг жамоа ўйинидан норозилигини билдирганига жавобан мураббий шундай йўл тутгани ҳақида айтилганди ва кейинчалик Рўзиқул Саъдуллаевич яна жойига қайтарилганди. Лекин ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам бош мураббий иштирок этмади ва унинг ўрнига катта мураббий Шуҳрат Тошпўлатов фикрлари билан ўртоқлашганди”.
Дарвоқе, ушбу сайт маълумотига кўра, «Андижон» – «Насаф» ўртасидаги учрашувга “Аждар” бош мураббийсиз, яъни Рўзиқул Бердиевсиз келган. Бу ҳам турли миш-мишларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Айтишларича, Рўзиқул Бердиев Тошкентда мураббийларнинг «Про» ўқув-курсларида таҳсил олмоқда экан.
“Насаф” нафақат Қашқадарёнинг, балки республикада кўплаб мухлисларга эга жамоа. Улар эса Бердиевга умид боғлашган. Шундай экан, ташқарида, тушкун ҳолатда қолманг, бош мураббий! деб қоламиз.
Самандар АРАБОВ, “Воҳа” газетаси спорт шарҳловчиси

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan