“МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ”ДА САВОД ШУ БЎЛСА?..

Луқма

Рости, шаҳар, вилоят ва республикалар телевидениелари кўрсатувларини томоша қилишга юрагим безиллаб қолган. Сабаби кўрсатув давомида титр ва тушунтириш матнларидаги имловий хатолар айни иштаҳа авжида ошдан чиққан тошдек қизиқишингизни синдириб, ҳафсалангизни ўсал қилади.

2 июль куни “Маданият ва маърифат” телеканали орқали берилган Абу Наср Форобий ҳақидаги илмий-маърифий кўрсатувда ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Қадимшунос, фалсафа олимлари иштирок этган ушбу кўрсатувда Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Улуғ Тархон тахаллуси имлода икки хил талқин этилди. Яъни, олимлар сўзларида Форобий тахаллуси Абу Наср туғилган маскан – Фороб қишлоғига нисбат берилганлиги қайд этилиб, айнан шундай талаффуз қилинишига қарамай, таҳририят битикларида “Фаробий” деб ёзилиши мени жуда-жуда ҳайрон қолдирди. Ахир, “ал Муаллим ассоний”, “Шарқ Арастуси” деб эътироф этилган, 70 га яқин тилда сўзлаша олган, қарийб барча дунёвий ва табиий фанлар билағони Абу Наср Форобийнинг тахаллусини тўғри ёзолмаслик!!! Яна қайси телеканалда денг!.. Ахир, Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига мурожаат қилиш кифоя эди-ку аслида. Хуллас, шу биргина хато буюк даҳо ҳақидаги кўрсатув аҳамияти, моҳияти мавқеини бир даража тушириб юборди назаримда. А, лаббай, нима дедингиз?

Юсуф НОРОВ,

фахрий журналист.

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan