БОЛАЛАР УЧУН ТУҲФА

Қарши шаҳрида республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг минтақавий филиали иш бошлади.

Муассаса Қашқадарё ва қўшни вилоятлардаги имконияти чекланган болаларни бирламчи мажмуавий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, ҳар ойда 80-100 нафар болага индивидуал ёндашган ҳолда тиббий-реабилитацион, психологик ва дефектологик ёрдам кўрсатиш учун пухта замин яратмоқда. Бундан ташқари, янги филиал мутахассислари жойларда ногиронлиги бор ёшларга илк ёрдам бериш хизматини такомиллаштириш, оила тарбиясига олинган болалар ва уларнинг васийларига ижтимоий кузатув ёрдами кўрсатиш самарадорлигини оширишга ҳам ўз ҳиссасини кўшишади.

Филиалга вилоят марказининг Афросиёб кўчасида жойлашган икки қаватли мажмуа ажратилиб, унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга бюджетдан 300 миллион сўм, вилоят ҳокимлиги томонидан 1,2 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, минтақавий филиалнинг моддий-техника базасини шакллантириш ва уни махсус жиҳозлар ва инвентарлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан РБИММга давлат ижтимоий буюртмаси берилиб, лойиҳани молиялаштиришга 298 миллион сўм ажратилган.

Шунингдек, ҳомийлик маблағлари жалб этилганини ҳам таъидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, ЎзМТДП Қарши шаҳар Кенгаши депутати Лазиз Расулов томонидан Республика бўлалар ва ўсмирларни реабелитация қилиш марказига(ногиронлик уйи) 6000000( олти миллион) сўм хайрия тариқасида ўтказилиб берилди.

Филиалнинг очилиш маросимида мазкур муассаса хизматларидан фойдаланадиган болалар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси аъзолари ҳам иштирок этишди. Улар янги масканда имконияти чекланган болаларга мажмуавий тарзда ёрдам кўрсатиш учун яратилган шароитлар билан танишиб, мутахассислар ва бенефициарлар (лойиҳа амалга ошишидан манфаатдор шахслар) билан мулоқот қилишди. Кинезотерапия (ҳаракат ёрдамида даволаш), гидрокинезотерапия (сувда ҳаракатлантириб даволаш), арт-терапия (санъат ва ижод ёрдамида даволаш), эртак-терапия, Монтессори методикаси каби болаларни даволаш ва ривожлантириш усулларининг амалда қўлланишининг гувоҳи бўлишди.

Шундан сўнг янги муассасанинг мажлислар залида юқорида қайд этилган парламент комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтказилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат комиссияси аъзолари ва воҳамиздаги бир қатор ННТ ва ОАВ вакиллари қатнашган бу йиғилишни комиссия раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошқариб борди.

Тадбирда давлат ижтимоий буюртмаси доирасида РБИММ Қарши минтақавий филиалида амалга оширилган ишлар, жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган  соғлиқни сақлаш йўналишидаги лойиҳалар, 2017 йилда давлат грантларига сазовор бўлган вилоятимиздаги ННТ фаолиятининг мониторинги натижалари муҳокама қилиниб, ижтимоий аҳамиятга молик бир қатор грант лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан жорий йилда ўтказилган давлат ижтимоий буюртмалари ва давлат грантлари танловлари натижаси эълон қилиниб, яқинда бошланган «Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш» ва «Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш» мавзусидаги грант танловларига доир батафсил маълумотлар берилди.

 

Холмуродова Гулноза

ЎзМТДП фаоли

O‘xshash maqolalar

FIKR BILDIRISH

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan